Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 5ноябр · Пайшанба
USD 11 935,37 ▲ +23,66 EUR 13 432,07 ▲ +112,40 RUB 145,58 ▼ −0,91 GBP 16 093,65 ▲ +118,86
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Самарқанд ва Бухоро ўртасида сафар вақтини 1,5 соатгача қисқартирадиган пулли йўл қурилади

Янги йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги 5 соатдан 1,5 соатгача қисқартириши кутилмоқда. Шунингдек, бу йўналишда тезюрар поездлар учун янги темир йўл линияси қуриш ҳам кўзда тутилган.

Самарқанд — Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали пулли автомобиль йўли қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида ўтказган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Янги йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги 5 соатдан 1,5 соатгача қисқартириши кутилмоқда.

Шунингдек, бу йўналишда тезюрар поездлар учун янги темир йўл линияси қуриш ҳам кўзда тутилган.

Масъулларга автомобиль ва темир йўл лойиҳаларининг мастер-режаларини якунлаш ва ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш топширилди. Лойиҳаларнинг қиймати ва қурилиш муддатлари маълум қилинмаган.

Жорий йилда Бухоро орқали ўтадиган А-380 автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишлари якунланади. Келаси йил эса М-37 йўлининг вилоят ҳудудидаги 69 км қисмини янгилаш ишлари бошланади. Қиймати $200 млн бўлган бу лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 км узунликдаги айланма йўл ҳам қурилади.

Шунингдек, Бухорода $300 млн лик янги аэропорт қурилмоқда.

Аэропорт бир вақтнинг ўзида 20 та самолёт ва 1200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади.

Аэропортни шаҳар маркази билан боғлаш учун 24 км узунликдаги автомобиль йўли қурилади. Шунингдек, автобуслар учун 5,5 км узунликдаги БРТ йўлаги ташкил этилиши режалаштирилган. Аэропорт ва унга олиб борадиган йўлни Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш топширилди.

Туркиянинг Пегасус авиакомпанияси Бухорога тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда. Келаси йил Малайзия, Индонезия, Қувайт, Миср ва Баҳрайн билан ҳам авиақатновларни бошлаш топширилди.

Таъкидланишича, Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан ҳамкорликда $385 млн лик ичимлик суви ва канализация лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг иккинчи босқичи учун яна $248 млн жалб қилинади.

Натижада 1,7 млн аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 775 минг киши эса канализация тармоғига уланади. Марказлашган ичимлик суви билан қамров даражаси 80% дан 95% га ошади.

“Бухоро иқтисодиётига, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кирадиган $30 млрд лик янги ташаббуслар билан келганмиз”, — деди президент.