Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Алишер Усмоновга алоқадор компания Тошкентдаги йирик меҳмонхонани сотиб олди

Оммавий савдоларда 5 нафар талабгордан E-auksion электрон савдо платформаси орқали таклифлар келиб тушган. 

Миллиардер Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги таркибида бўлган «Металлоинвест» Тошкент шаҳридаги меҳмонхона бино ва иншоотлари мажмуасини сотиб олди. Бу ҳақда Давактив матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Шўртепа кўчаси 2-уйда жойлашган меҳмонхона бино ва иншоотлари бўйича «Torgoviy Dom Metalloinvest Vostok» МЧЖ 78,75 миллиард сўм харид қийматини шартнома тузилган кундан бошлаб қисқа муддатда тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилди.

Маълумот учун, ушбу бўш турган объект савдоси Давактив агентлигининг 2022 йил 14 апрелдаги оммавий савдо тўғрисидаги эълонига мувофиқ ташкил этилган.

Қайд этилишича, оммавий савдоларда 5 нафар талабгордан E-auksion электрон савдо платформаси орқали таклифлар келиб тушган. 

Савдоларда «Torgoviy Dom Metalloinvest Vostok» МЧЖ таклиф этган нарх бошқа талабгорлар таклиф қилган нархлар ва мустақил баҳолаш ташкилотининг баҳолаган нарх қийматидан юқори экани инобатга олиниб, ушбу компания оммавий савдо ғолиби деб топилган.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, «Металлоинвест Восток» 2021 йил декабрь ойида ташкил этилган бўлиб, металл ва металл рудаларини улгуржи савдоси билан шуғулланади.

Аввалроқ «Металлоинвест» компанияси Ўзбекистондан темир йўлда юк ташиш тарифларини пасайтиришни сўраганди.