Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари охирги икки йил ичида Ўзбекистоннинг ташқи рақобатбардошлигида рўй берган ўзгаришларни таҳлил қилди. Институт таҳлилий материалларни Kommers.uz’га тақдим этди.
Рақобатбардошлик – бу мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларнинг ташқи савдо ҳамкор мамлакатлардагига нисбатан арзонлик даражаси. Рақобатбардошлик даражасига мамлакат ичидаги ва ҳамкор давлатлардаги товарнинг нарх-навоси, шунингдек, номинал айирбошлаш курси таъсир қилади.
Ўзгармас айирбошлаш курси мамлакатнинг ички, яъни маҳаллий нархларини пасайтиради ва аксинча, ҳамкор мамлакатларда товарлар нархи ўсади. Бу эса мамлакатнинг рақобатбардошлигини оширади.
Номинал айирбошлаш курси – бу оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ва мамлакатлар ўртасида валюта айирбошланадиган курс.
2022-йил март ойи ҳолатига кўра, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан номинал курси тахминан 11,4 минг сўмни ташкил қилди. Агар икки ҳамкор мамлакат ўртасида нархлар даражаси ўзгаришсиз қолса, миллий валютанинг қадрсизланиши мамлакат рақобатбардошлигининг ошишига олиб келади. Масалан, маҳсулот нархи 23 минг сўм бўлса, амалдаги курс бўйича 2 доллар бўлади. Агар айирбошлаш курси 15 минг сўм бўлса, 1,5 доллар бўлади.
Амалиётда ушбу кўрсаткичларни бирлаштирувчи индекс – реал айирбошлаш курси қўлланилади.
Реал айирбошлаш курси – бу номинал айирбошлаш курсининг икки ҳамкор давлатдаги инфляция даражасига мослаштирилган курс. Ушбу айирбошлаш курси ҳамкор давлат бозорида товарлар арзонлиги даражасининг реал ҳолатини кўрсатади.
Аслида мамлакатлар бир нечта савдо ҳамкорларига эга. Миллий валюта битта ҳамкор давлат валютасига нисбатан мустаҳкамланиб, иккинчисига нисбатан қадрсизланиши мумкин.
Номинал самарали айирбошлаш курси мамлакатнинг барча савдо шериклари курсларига нисбатан валюта курси қайси даражада ўзгарганини кўрсатади. Бироқ, ҳамкор давлатлардаги нархлар ўзгариши ҳисобга олинмаганлиги сабабли, номинал самарали алмашув курсининг ўзгариши валютанинг харид қобилиятини тўлиқ белгилай олмайди.
Шунинг учун реал самарали алмашув курси ҳисоби юритилади. Ушбу курс, номинал самарали алмашув курсининг барча ҳамкор давлатлардаги инфляция даражасига мослаштирилган кўрсаткичидир. Реал самарали алмашув курсининг ўсиши, давлатнинг экспорти қимматлашиб, импорти арзонлашиб бораётганлигидан далолат беради.
2019-йил сентябр ойидан 2022-йил феврал ойигача реал самарали алмашув курси индексининг ўзгариши 14,9 фоиз ни ташкил этди. Ушбу вазият 2022-йилнинг январ-феврал ойларида кескин ўсиш билан (мос равишда 7,2 фоиз дан 9,6 фоиз гача, ҳаттоки 14,9 фоиз гача) изоҳланади. Кескин мустаҳкамланишнинг асосий омилларидан бири бу, турк лирасининг узоқ вақт давомида қадрсизланиши (2021-йил ноябр ойида лиранинг 40 фоиз гача девальвацияси), шунингдек, Россия рублининг 2022-йил феврал ойида 22 фоиз гача қадрсизланишидир.
Реал самарали алмашув курсининг ойлик ўзгаришига қарайдиган бўлсак, 2020-йил март ойида 7,4 фоиз ўсди (ўсиш – сўмнинг барқарорлашуви, пасайиш эса – сўмнинг ҳамкор давлатлар валюта саватига нисбатан қадрсизланиши). 2020-йил апрел ойида савдо ҳамкорлари валютасига мослашиш (-5.4 фоиз) кузатилган. Жорий йилнинг феврал ойида сўмнинг кескин ўсиши (14.9 фоиз) билан келгусида савдо ҳамкори бўлган давлатлар валютасига нисбатан мослашиш жараёни кутилмоқда.


