Япониянинг Toshiba корпорацияси раҳбарияти 21 апрель куни «потенциал инвесторлар ва ҳомийлардан стратегик муқобил вариантлар, жумладан, хусусийлаштириш» учун аризалар тўплаш бошланганини маълум қилди. Аризалар Toshiba акциядорларининг июнь ойида бўлиб ўтадиган умумий йиғилишигача қабул қилинади, дейилади компания баёнотида (.pdf).
Харидорларни излаш ва аризаларни кўриб чиқишда молиявий маслаҳатчи сифатида Nomura Securities инвестиция банки танланган.
Компаниянинг сотуви ҳақидаги ҳақиқий эълон унинг Токио фонд биржасидаги акцияларининг деярли 5 фоизга ошишига олиб келди. Қимматли қоғозлар бозори ушбу эълонни ижобий янгилик сифатида баҳолади — 146 йил олдин яратилган Toshiba’да сўнгги ўн йиллик кўплаб муаммолар ва жанжалларга бой бўлди.
2015 йилдаги молиявий ҳисобот можароси ва Америка бўлими Westinghouse Electric билан боғлиқ муаммолардан сўнг Toshiba 2017 йилда бошқарувни ўзгартирди ҳамда кенг миқёсда қайта қуришни бошлади.
Бир йил олдин Toshiba CVC Capital Partners инвестиция фондидан сотиб олиш таклифини олди. Битим ҳажми тахминан 20 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин эди, бироқ у амалга ошмади, чунки директорлар кенгаши «бундан воз кечишга қарор қилди».
Февраль ойида корпорация икки компанияга бўлиниш режасини эълон қилди, бироқ Toshiba акциядорлари буни қўллаб-қувватламади. ОАВ маълумотларига кўра, акциядорлар компанияни тўлиқ сотиб олиши мумкин бўлган инвесторни топишга ундаган, раҳбарият эса бунга эргашган.


