Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 10ноябр · Сешанба
USD 11 994,10 ▲ +6,94 EUR 13 420,20 ▲ +26,95 RUB 145,79 ▼ −0,50 GBP 16 087,69 ▲ +27,29
Маълумот: Марказий банк
Технология

Ўзбекистонда давлат хизматларидан фойдаланишда Мобил-ID тизими жорий этилади

Мобил-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан (бундан молиявий хизматлар мустасно) фойдаланиши мумкин.

Ўзбекистонда давлат хизматларидан фойдаланишда Мобил-ID тизими жорий этилади. «Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2022 йил 1 августдан:

  • давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими (Мобил-ID тизими) жорий этилади;
  • Мобил-ID тизими «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади;
  • шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш ДХМ ёки нотариал идора томонидан ёхуд ЯИДХП мобил иловаси орқали амалга оширилади.

Таъкидланишича, бевосита Марказлар ёки нотариал идора орқали фуқароларни Мобил-ID тизимига идентификация қилиш 2022 йил 31 декабргача тўлов ундирилмасдан, 2023 йил 1 январдан БҲМнинг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилган ҳолда амалга оширилади.

Мобил-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан (бундан молиявий хизматлар мустасно) фойдаланиши мумкин.

Фуқаронинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юбориладиган барча хабарномалар Мобил-ID тизими орқали идентификацияланган мобил телефон рақамига SMS-хабар шаклида юборилади.