Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Ўзбекистонда жисмоний шахслар ҳам банкрот деб топилиши мумкин

Қонун кучга кириши билан 1994 йил 5 майдаги «Банкротлик тўғрисида»ги қонун ўз кучини йўқотади.

Ўзбекистонда жисмоний шахслар ҳам банкрот деб топилиши мумкин. «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонунга кўра, тўловга қобилиятсизлик аломатлари қуйидагилардан иборат:

  • вақтинча тўловга қобилиятсизлик – мажбуриятни 3 ойда бажара олмаслик (шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса 6 ой ичида бажаролмаслик);
  • доимий тўловга қобилиятсизлик — судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетиши.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд томонидан кўриб чиқилади.

Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга.

Тўловга қобилиятсизлик аломатлари аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати, давлат статистика органлари ваколатли давлат органига устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.

Тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ҳимоя қилади. Ушбу қонун билан жисмоний шахсларни ҳам банкрот деб топиш мумкинлиги белгиланди. Илгари қонунчиликда бундай тартиб-таомиллар назарда тутилмаган.

Ушбу қонун кучга кириши билан 1994 йил 5 майдаги «Банкротлик тўғрисида»ги қонун ўз кучини йўқотади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.