Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Таҳлил

Таҳлил. Ўзбекистонда автомобилларга бўлган барқарор талаб сақланиб қолмоқда

Иккиламчи бозорда автомобилларни расмийлаштириш учун йиғимларнинг бекор қилиниши таъсирлари давом этмоқда. 

Фото: Autostrada

Ўзбекистонда автомобилларга бўлган барқарор талаб сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан автомобил бозоридаги савдо ўзгаришлари таҳлилида сўз боради.

Марказ таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, март ойида янги автомобиллар сотуви бироз ошган бўлса, иккиламчи бозорда автомобилларни расмийлаштириш учун йиғимларнинг бекор қилиниши таъсирлари давом этмоқда. 

Таъкидланишича, 2022 йил март ойида 112,1 минг дона автотранспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилди ва бу ўтган йилнинг март ойига (55,5 минг) нисбатан 102 фоизга кўпроқдир. Шу билан бирга, жорий йилнинг февраль ойига нисбатан 12,7 фоизга пасайиш кузатилди. 

Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Ўтган январь-февраль ойларидаги каби автомашиналарни рўйхатга олишнинг кўпайиши автомобилларни харид қилиш учун тўловларнинг бекор қилиниши билан боғлиқ. Хусусан, Ўзбекистонга автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва/ёки вақтинча олиб кириш учун йиғимлар бекор қилинди. 

Қайд этилишича, 2022 йил 1 январдан бошлаб иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказиш нархи пасайтирилди ва ушбу ўзгаришларнинг таъсири март ойида ҳам давом этди. 

Иккиламчи бозор

Таҳлилга кўра, 2021 йилда иккиламчи бозорда бир ойда ўртача 40 минг дона автомобиллар сотилган бўлса, жорий йил март ойида ушбу кўрсаткич 84,7 мингни ташкил этди, январь ойида 85,3 мингга, февраль ойида 101 мингга етган эди. 

Бирламчи бозор 

Бирламчи бозордан харид қилинган автомобиллар сони 27,5 минг донани ташкил этиб, февраль ойига (27,4 минг) нисбатан 0,3 фоизга ўсди. 2021 йилнинг мартига (18,2 минг) нисбатан эса 51 фоизга ошди. 

Февраль ойи билан таққослаганда янги автомобиллар савдосида сезиларли даражада ўсиш Фарғона (43 фоиз), Наманган (23 фоиз), Жиззах (20 фоиз) вилоятларида кузатилди. Шу билан бирга, Қашқадарё (-31 фоиз), Самарқанд (-13 фоиз), Тошкент (-16 фоиз), Навоий (-7 фоиз) ва Андижон (-5 фоиз) вилоятларида пасайиш қайд этилди.

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Иномаркалар савдоси 

Чет элда ишлаб чиқарилган енги автомобиллар олди-сотдиси бўйича шартномалар сони 1,3 минг донани ташкил этди, бу эса февраль ойи кўрсаткичидан 2,5 фоизга камроқдир.

Маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси улуши

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Аввалроқ Ўзбекистонда енгил автомобиль импорти қарийб олти баравар ошгани ҳақида хабар берилганди.