«Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» давлат муассасасида коррупция билан боғлиқ ҳолатларни олдини олиш мақсадида боди-камералар билан ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Ўзбекистонда «ягона дарча» божхона ахборот тизими ҳисобланган singlewindow.uz сайти ишга туширилган. Ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорлар UzTest давлат муассасаси орқали маҳсулотларини сертификатлаштиришда фақатгина ушбу сайт орқали ариза йўллаши, ҳужжат топшириши ва сертификатини қабул қилиб олиши мумкин.
Таъкидланишича, марказнинг сертификалаштириш органлари ходимлари ариза йўллаган мурожаатчи маҳсулотларини синов лабораторияларига тақдим этиш учун жойларга чиққан ҳолда маҳсулот партиясидан белгиланган меъёр ва талабларга асосан намуна танлаб олади ҳамда синов лабораториялар мажмуасига топширади.
«Ушбу жараённинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган янги кузатув воситалари билан коррупциянинг олдини олиш, мамлакатимиз бозорларига сифатсиз маҳаллий ва импорт маҳсулотлар кириб келишининг кескин даражада қисқартирилишига эришилади», дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкентдаги чорраҳаларнинг барчасига махсус автоматлаштирилган камералар ўрнатилиши ҳақида хабар берилганди.


