АҚШда минглаб ходимлар иштирокида олти ой давом этадиган тўрт кунлик иш ҳафтасини синовдан ўтказиш бошланди. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Маълум қилинишича, тажриба 4 Day Week Global нотижорат ташкилоти томонидан бошланган глобал кампаниянинг бир қисми бўлиб, жамоаларга қисқартирилган иш ҳафтасини ўтказиш ва унинг бизнесга таъсирини ўлчашда ёрдам беради.
Тажрибада АҚШ ва Канададаги 38 та компания қатнашмоқда, уларнинг аксарияти 1 апрелдан тўрт кунлик иш режимига ўтмоқда. Тажрибанинг бир қисми сифатида компаниялар самарали иш амалиётлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун семинарларда қатнашади ва «тўрт кунлик»ка ўтишга улгурган компания уларнинг мураббийига айланади.
Бундан ташқари, АҚШда тажриба иштирокчилари Бостон коллежи тадқиқотчилари билан биргаликда ишлайди, улар синов вақтида ходимларнинг меҳнат унумдорлиги ва фаровонлигига таъсирини ўлчашда ёрдам беради.
Аксарият компаниялар иш ҳафтасини тўрт кун ичида 32 соатгача қисқартиради. 4 Day Week Global буни 80-100-80 модели деб атайди: ходимлар иш вақтининг 80 фоизи учун 100 фоиз иш ҳақи олади ва 100 фоиз самарадорликни сақлайди.
Qualtrics сўровига кўра, ишчиларнинг 92 фоизи тўрт кунлик иш ҳафтаси тарафдори. Уларнинг фикрича, бу ташаббус руҳий саломатлик ва маҳсулдорликни яхшилайди.
Тажрибада иштирок этаётган АҚШ компаниялар орасида 25 нафар ходими бўлган стартаплардан тортиб, бир неча юз кишига эга йирик ташкилотларгача мавжуд. Уларнинг аксарияти технология, молия ва профессионал хизматлар каби анъанавий соҳаларда ишлайди.
Бироқ, аъзолар орасида ишлаб чиқариш компанияси, ресторан гуруҳи, нотижорат уюшма ва сиёсий ташкилот ҳам бор. 4 Day Week Global маълум қилишича, 2022 йил охиригача бутун дунё бўйлаб 100 мингга яқин ходим қисқартирилган иш ҳафтасини синовдан ўтказади.
Ташкилотнинг ҳисоб-китобларига кўра, компанияларнинг тахминан 5 фоизи дастурни тарк этади, бу одатда раҳбариятнинг ўзгариши ёки бошқа ташкилий муваффақиятсизликлар билан боғлиқ.
Аввалроқ Британия компаниялари тўрт кунлик иш ҳафтасини синаб кўрмоқчилиги хабар қилинганди. Шунингдек, Panasonic тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий қилиши ҳақида хабар берилди.


