Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Беларусь ва Қозоғистон инвесторлари Россия фонд бозоридан узилиб қолди

Сармоядорларнинг Москва биржаси кунлик айланмасидаги улуши 1 фоизга яқин.

Фото: «ТАСС»

Россияда солиқ резиденцияси ва яшаш учун рухсатномаси бўлган «дўстона» мамлакатлар, жумладан, Беларусь ва Қозоғистондан келган хорижий инвесторлар Россиядаги ўз ҳисобрақамларига кира олмаяпти. Бу «Ведомости» хабар бермоқда.

«БКС мир инвестиций» компаниясининг беларуслик мижози сўзларига кўра, 29 март куни брокер унинг ҳисобида 10 фоизини ташкил этадиган маржа позицияларини ёпган. Мижознинг йўқотишлари тахминан 115 минг рублни ташкил этган. Бундан ташқари, у энди қимматли қоғозларни сотиш ва сотиб олиш қобилиятига эга эмас.

«Компаниянинг ички позицияси барча турдаги операцияларни, шу жумладан янги норезидент мижозлар учун ҳисобварақлар очишни вақтинча чеклашдан иборат», — деб ҳисоблайди мижоз.

«БКС» техник ёрдами бундай мижозлар учун фақат позицияларни мажбурий ёпиш мумкинлигини айтди. Беларуслик ушбу брокернинг яна бир мижози унинг ҳисоби блокланганини аниқлади ва ўзбекистонлик инвестор унинг маржа позициялари сотилганини пайқади. Бу икки мижознинг яшаш учун рухсатномаси ва Россия солиқ резидентлиги бор эди.

«БКС» ўз веб-сайтида ушбу қарор Москва биржасининг фонд бозорида савдога тааллуқли қоидаларига асосланганини маълум қилди. Биржа фонд бозори, репо, депозитлар ва кредитлар бўлимларида аризаларни топширишга ва чет элликлар томонидан операциялар амалга оширилишига рухсат бермайди. «БКС» вакилининг маълум қилишича, компания биржа ва регулятор тавсиясига кўра норезидентлар билан операцияларни чекламоқда.

Москва биржаси вакилининг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Беларуслик мижозлар расмий равишда норезидент ҳисобланади, гарчи улар «дўстона» мамлакатлар вакили бўлса ҳам.

«Биз, албатта, уларга транзакцияларни амалга ошириш имкониятини қайтаришни хоҳлаймиз ва Россия Марказий банкидан тегишли тушунтиришларни кутмоқдамиз», — дея қўшимча қилди у.

Таъкидланишича, ушбу инвесторларнинг биржа бозори кунлик айланмасидаги улуши 1 фоизга яқин.

Аввалроқ Қозоғистон банклари россияликларга Visa ва MasterCard карталарини чиқаришдаги хавфлардан огоҳлантирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қозоғистон Россиянинг санкцияларни четлаб ўтиши учун воситачи бўлмасликка ваъда бергани хабар қилинди.