Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Reuters, Bloomberg, The Economic Times ва АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси маълумотлари асосида жаҳон иқтисодиётидаги сўнгги ўзгаришларни таҳлил қилди.
Фонд бозоридаги ўсиш ҳисобига BlackRock компаниясининг бошқарувидаги активлар ҳажми ошди (Reuters)
BlackRock инвестиция компаниясининг бошқарувидаги активлар ҳажми III чорак якунларига кўра 15 фоизга ошиб, 15,49 трлн долларга етди. Ўтган йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич 13,46 трлн долларни ташкил этган. Мижозлар маблағларининг соф кирими 205 млрд долларни ташкил этиб, шундан 134,5 млрд доллари iShares биржа инвестиция фондлари ҳиссасига тўғри келди. Активлар ҳажмининг ошишига АҚШ фонд бозорида акциялар нархининг ўсиши ҳам ижобий таъсир кўрсатди.
Компаниянинг чораклик тушуми 7,8 млрд долларга етиб, таҳлилчиларнинг 7,5 млрд долларлик прогнозидан юқори бўлди. Бир акцияга тўғри келадиган тузатилган фойда 38 фоизга ошиб, 15,93 долларни ташкил этди. Таҳлилчилар ушбу кўрсаткични 14,13 доллар даражасида прогноз қилган эди. Молиявий ҳисобот эълон қилинганидан сўнг, биржа савдолари давомида BlackRock акциялари нархи 5 фоизга ошди.
BlackRock раҳбари Ларри Финкнинг фикрича, ҳисоблаш қувватлари қимматли қоғозлар чиқариш учун асос бўлиб хизмат қиладиган инвестиция активларининг янги турига айланиши мумкин.
Сўнгги 12 ой давомида BlackRock хусусий бозорларга инвестиция киритиш учун 68 млрд доллар жалб қилди. Шундан 25 млрд доллари хусусий кредитлаш йўналишига тўғри келди.
Дизель ёқилғиси таъминоти чекланганлигича қолади (Bloomberg)
Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) баҳолашича, жаҳон дизель ёқилғиси бозоридаги тақчиллик 2027 йилнинг биринчи ярмигача сақланиб қолади. Бунга асосий сабаб Яқин Шарқ ва Россиядан дизель ёқилғиси етказиб беришдаги узилишлардир. Сентябрь ойида ушбу ҳудудлардан дизель ёқилғиси экспортининг умумий қисқариши суткасига 1,3 млн баррелни ташкил этди. Бу жаҳон талабининг 4,5 фоизига тенг.
Етказиб бериш ҳажмининг қисқариши жаҳон бозорида дизель ёқилғиси захираларининг камайиши ва нархларнинг ошишига олиб келди. Сентябрь ойида дизель ёқилғисининг жаҳон бозоридаги нархи бир баррель учун 200 доллардан ошди. Кейинчалик нархлар пасайганига қарамай, улар инқирозгача бўлган даражадан икки баробар юқорилигича қолмоқда. Дизель ёқилғисини қайта ишлашдан олинадиган маржа бир баррель учун 95 долларга етди. ХЭА баҳолашича, юқори нархлар транспорт ва ишлаб чиқариш харажатларини ошириб, инфляцияни кучайтиради ҳамда иқтисодий ўсишни секинлаштиради.
ХЭА баҳолашича, нефтни қайта ишлаш заводлари фаолиятининг тикланиши тўпланиб қолган тақчилликни қоплай олмайди. Агентликка аъзо давлатлар стратегик захиралардан 426 млн баррель нефть ажратиш бўйича келишувга эришди. Агентлик прогнозларига кўра, жаҳон бозорига нефть етказиб бериш ҳажми 2026 йилда суткасига 5,8 млн баррелга қисқаради, 2027 йилда эса суткасига 7,7 млн баррелга ошади.
Хитой ортиқча ишлаб чиқариш қувватлари сабабли қуёш панеллари ишлаб чиқаришни қисқартирмоқда (Economictimes)
Reuters маълумотларига кўра, 2025 йилда Хитойнинг қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи бешта йирик компанияси — Longi, Trina Solar, Jinko Solar, JA Solar ва Tongwei ходимлар сонини 21 фоизга ёки 40,6 минг нафарга қисқартирди. 2024 йилда ушбу кўрсаткич 31 фоизни ташкил этган
Қисқартиришларнинг асосий сабаби ишлаб чиқариш қувватларининг ортиқчалиги бўлиб, улар жаҳон бозоридаги қуёш панелларига бўлган талабдан икки баробар юқори. Кучли рақобат нархларнинг пасайиши ва ишлаб чиқарувчиларнинг зарар кўришига олиб келди. Қуёш модулларининг ўртача нархи 2019 йилдаги 1 кВт учун 350 доллардан 2025 йилда 130 долларгача пасайди. Операцион рентабеллик эса манфий 13 фоизга тушди.
2026 йилда талабнинг пасайиши вазиятни янада мураккаблаштирди. Jefferies прогнозларига кўра, Хитойда ишга тушириладиган янги қуёш электр станциялари қуввати 150–200 ГВтни (2025 йилда ушбу кўрсаткич 315 ГВт бўлган) ташкил этади. Шу билан бирга, январь-август ойларида Хитойнинг қуёш панеллари экспорти 10 фоизга қисқарди.
АҚШда инфляция суръати тезлашди (U.S. Bureau of Labor Statistics)
АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси маълумотларига кўра, 2026 йил сентябрь ойида йиллик инфляция даражаси августдаги 3,4 фоиздан 3,7 фоизгача кўтарилиб, 0,3 фоиз бандга ошди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергия ресурслари нархлари ҳисобга олинмайдиган базавий инфляция даражаси 2,4 фоиздан 2,6 фоизгача ошди. Истеъмол нархларининг ойлик ўсиш суръати эса августдаги 0,4 фоиздан сентябрда 0,6 фоизгача тезлашди.
Инфляция суръатининг тезлашишига асосан энергия ресурслари нархининг ошиши таъсир кўрсатди. Бир ой давомида бензин нархи 9,1 фоизга, энергия ресурслари нархи эса умумий ҳисобда 5,2 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда ушбу кўрсаткичлар мос равишда 34,2 фоиз ва 20,4 фоизни ташкил этди. Истеъмол нархларининг ойлик ўсишининг ярмидан кўпи бензин нархининг қимматлашиши ҳиссасига тўғри келди.
Инфляция суръатининг тезлашиши АҚШ Федерал захира тизимининг фоиз ставкалари бўйича қарорларига таъсир кўрсатиши мумкин. Юқори фоиз ставкаларининг сақланиб қолиши компаниялар ва банклар учун қарз маблағларини жалб қилиш харажатларини оширади. Бу, айниқса, узоқ муддатли инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда сезиларли аҳамиятга эга.


