АҚШ Федерал алоқа комиссияси (FCC) Россиянинг «Касперский лабораторияси»ни АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган алоқа ускуналари ва хизматлари етказиб берувчилар рўйхатига киритди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълум қилинишича, «Касперский лабораторияси»дан ташқари China Telecom (Americas) Corp ва China Mobile International USA Inc. компаниялари ҳам «қора рўйхатга» тушган.
Хабарга кўра, 2019 йилги қонун комиссиядан ҳар йили АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи алоқа ускуналари ва хизматлари рўйхатини янгилаб туришни талаб қилади. 2021 йили FCC бешта Хитой компаниясини рўйхатга олган.
«Касперский лабораторияси», ўз навбатида, АҚШнинг қароридан ҳайратга тушганини ва қарор сиёсий сабабларга кўра қабул қилинган, деб ҳисоблашини маълум қилди. Компания, шунингдек, АҚШ давлат идоралари билан ҳамкорлик қилишга ва маҳаллий тартибга солиш органларининг ҳар қандай саволларига жавоб беришга тайёрлигини билдирди.
АҚШ 2017 йил сентябрь ойида ҳукумат идораларига уч ой ичида «Касперский лабораторияси»нинг маҳсулот ва хизматларидан воз кечишни буюрган эди. Ўшанда Хавфсизлик вазирлиги компаниянинг айрим вакилларининг Россия разведкаси ва бошқа давлат идоралари билан алоқаларидан хавотирда эканликларини айтганди.
Шу йилнинг декабрь ойида Буюк Британия вазирликлари томонидан «Касперский лабораторияси»нинг антивирусидан фойдаланиш ҳам тақиқланган эди. Бу Британия разведка хизматлари компанияни Федерал хавфсизлик хизматига жосуслик қилганликда гумон қилганидан кейин содир бўлди.
Шунингдек, 2022 йил 15 мартда Германия ҳукумати ҳам антивирусдан воз кечишни тавсия қилди. Немис регуляторига кўра, россиялик IT маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси «ўз иродасига қарши мақсадли тизимларга ҳужум қилишга мажбур бўлиши» мумкин.
Аввалроқ АҚШ Зеленскийнинг маслаҳати билан Абрамовичга қарши санкция қўлламагани хабар қилинганди. Шунингдек, АҚШ сенаторлари Россиянинг барча банкларига қарши санкциялар киритишни таклиф қилиши ҳақида хабар берилди.


