PayPal электрон тўлов хизмати Украинада тўлиқ иш бошлади. Бу ҳақда компаниянинг расмий веб-саҳифасида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, илгари мамлакатда хизматнинг фақат баъзи функциялари мавжуд эди. Украинанинг PayPal ҳисобларига пул маблағларини жўнатаётган ёки оладиган мижозлардан вақтинчалик комиссия олинмайди.
Бунгача PayPal Украинада қисман ишлаган — Украина банклари томонидан чиқарилган Visa ва MasterCard карталари ёрдамида интернетда товарлар ҳамда хизматлар учун пул тўлаш мумкин эди. 8 март куни Украинанинг рақамли трансформация вазири Михаил Федоров PayPal орқали тўлов тизимининг барча функцияларини украиналиклар учун тақдим этишни сўраганди.
PayPal Украина аҳолисига мамлакат ичида ҳам, чет елда ҳам пул ўтказмаларини амалга оширишга, шунингдек Украина банк карталарига пул ечиб олиш имконини берди.
«Украинадаги инқироз кучаяр экан, минтақадаги одамлар учун муҳим гуманитар фондларга киришга ёрдам бериш зарурати доимий равишда ўсиб бормоқда», дейилади PayPal хабарида.
Бундан ташқари, 5 феврал куни PayPal Россияда иш тўхтатилишини эълон қилганди. Ушбу қарор Россиянинг Украинага 24 февралда бошланган ҳарбий ҳужуми фонида қабул қилинди. PayPal 18 март куни россияликларнинг электрон ҳамёнларини тўсиб қўйишини эълон қилди.
Маълумот ўрнида, PayPal — энг йирик дебет электрон тўлов тизими. Тўловлар ва харидларни амалга ошириш, пул ўтказмаларини юбориш ва қабул қилиш имконини беради. eBay’нинг бир бўлинмаси ҳисобланади.
Аввалроқ Украина бош вазири ўринбосари Samsung’ни Россияга маҳсулот етказиб беришни тўхтатишга чақиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Украина IT компаниялари мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун 24,5 миллион доллар хайрия қилгани ҳақида хабар берилди.


