Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида 2022 йил февраль ойидаги фаоллик январь ойидаги бироз пасайишдан сўнг ошди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Kommers.uz’га маълум қилди.
Марказ томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, 2022 йил февраль ойида республика бўйича 22 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилган ва январь ойига (17,7 минг) нисбатан 24,1 фоизга кўпайди. 2021 йилнинг шу даврига (20,2 минг) нисбатан ўсиш суръати 8,7 фоизни, 2020 йилнинг февраль ойига (16,9 минг) нисбатан 30 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида февраль ойидаги энг юқори ўсиш суръатлари Бухоро (50,8 фоиз), Наманган (37 фоиз), Фарғона (30,9 фоиз) ва Хоразм (29,6 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Кўчмас мулк бозорида битимлар сонининг камайиши Тошкент (-13,4 фоиз), Навоий (-6,4 фоиз) ва Андижон (-1,9 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Мутахассисларнинг фикрича, 2020 йилдаги коронавирус инқирозидан сўнг Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги вазият 2021 йилда тўлиқ тикланди.
Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ипотека ислоҳотлари, 2021 йилда ипотека кредитларининг либераллаштирилиши ва уй хўжаликлари даромадларининг тикланиши Ўзбекистонда уй-жой кўчмас мулк бозорининг янада ривожланишига таъсир кўрсатди.
Умуман олганда, Ўзбекистонда глобал хавф-хатарлар шароитида арзон уй-жой, имтиёзли ипотека кредитлари ва субсидиялар бўйича давлат дастурлари орқали ушбу секторда аҳолининг харид қилиш қобилиятини қўллаб-қувватлаш давом эттирилади.
Иккиламчи уй-жой бозоридаги нархларнинг ўзгариши
Марказ натижаларига кўра, февраль ойида иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,7 фоизга ошди (январь ойида ўсиш — 1,4 фоиз).
Ҳудудлар кесимида уй-жой нархининг энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё (10,1 фоиз) ва Сурхондарё (6,4 фоиз) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда (4,5 фоиз) кузатилди. Самарқанд (-2,3 фоиз) ва Андижон (-2,1 фоиз) ва Наманган (-1,3 фоиз) вилоятларида уй-жой нархининг пасайиши қайд этилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида ўтган ойга нисбатан иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,6 фоизга ошган. Туманлар кесимида энг юқори ўсиш Учтепа (4,2 фоиз), Яккасарой (3,4 фоиз) ва Яшнобод (2,9 фоиз) туманларида кузатилган. Пойтахтнинг Шайхонтоҳур (-2,1 фоиз) ва Бектемир (-1,9 фоиз) туманларида иккиламчи уй-жой бозорида ўртача нархларнинг пасайиши қайд этилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиб олиш учун энг қулай давр маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда уй-жой бошқарув компаниялари фойда ва мулк солиғидан озод этилиши ҳақида хабар берилди.


