Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

«Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш керак». Президент «Янгиҳаёт» технопаркини кўздан кечирди

Мажмуада жойлашадиган корхоналарда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев маҳаллалар ҳаёти, саноат лойиҳалари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида бўлиб турибди. Президент тумандаги «Янгиҳаёт» технопаркини кўздан кечирди.

Маълум қилинишича, 2021 йил 4 февраль куни Ўзбекистон Президентининг «Тошкент шаҳрида ‘Янгиҳаёт’ индустриал технопаркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Давлат раҳбари Янгиҳаёт туманига ташрифи чоғида ушбу технопарк қуриладиган майдонида бўлган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, бу мажмуа учун 210 гектар майдон ажратилган. Шундан 150 гектари икки босқичда аукцион савдоларига чиқарилади. Тадбиркорлар сотиб олинган ернинг мулкдори бўлади ва корхоналарни ўзлари қуради.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Тошкентда ер танқис, келгусида бундай майдонлар топилмайди. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш керак. Шунинг учун корхоналар кўп қаватли қилиб қурилгани маъқул», — деган Президент.

Таъкидланишича, бу ерда жойлаштириладиган корхоналарда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланган. Умуман олганда, технопарк ишлаб чиқаришни кенгайтириш, саноат тармоқларига замонавий технологияларни жорий этиш, шу асосда аҳолини иш билан таъминлашга хизмат қилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу ерда Янгиҳаёт туманидаги корхоналар маҳсулотлари ҳам намойиш этилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги 70 миллиард сўмлик қандолат корхонасига боргани хабар қилинганди.