Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистон Иқтисодий эркинлик индексида 9 поғонага пастлаб, эркин бўлмаган давлатлар гуруҳида қолди

МДҲ мамлакатларининг деярли барчасида пастлаш кутазилди.

Фото: The Heritage Foundation

Heritage Foundation («Мерос» жамғармаси, АҚШ) томонидан «Иқтисодий эркинлик индекси – 2022» навбатдаги ҳисоботи эълон қилинди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълум қилди.

Ҳисоботда Ўзбекистон 177 та мамлакатлар орасида 55,7 балл (сўнгги ҳисоботга кўра рейтинг баҳоси – 2,6 баллга пастлади) билан 117-ўринни эгаллаган. Индекс методологиясига мувофиқ, Ўзбекистон иқтисодиёти асосан эркин бўлмаган мамлакатлар гуруҳида қолди.

Фото: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Сўнгги беш йилда Ўзбекистон мазкур рейтингда умумий жиҳатдан қараганда 35 та ўринга юқорилади, бироқ 2022 йил ҳисоботига кўра, 9 та поғонага пастлаган.

Маълум қилинишича, «Иқтисодий эркинлик индекси – 2022» ҳисоботи 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 30 июнгача бўлган давр давомида амалга оширилган ислоҳотлар ва халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларига асосланган.

Инфографика: The Heritage Foundation

Мазкур ҳисобот методологияси, шу жумладан, бир қатор индикаторларнинг ўзгариши ва индикаторларнинг балларни аниқлашда уларни ҳисоблаш ҳамда халқаро маълумотлар манбаларнинг ўзгариши асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, «Мерос жамғармаси» томонидан нашр этилган ҳисоботга кўра, Жаҳон банки ўзининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботини тўхтатгани сабабли 2022 йил индекси мулкчилик ҳуқуқи, суд самарадорлиги, ҳукумат яхлитлиги, бизнес эркинлиги ва меҳнат бозори эркинлигини ўлчайдиган субфакторлар учун бошқа очиқ маълумот манбаларини қабул қилган.

Хусусан, индекс энди ўз баҳолашларида Freedom House ва бошқа манбалардан олинган маълумотларни ўз ичига олади.

COVID-19 пандемиясига жавобан давлат сиёсатининг ўзгарувчанлиги дунёнинг кўплаб мамлакатларида иқтисодий шароитларда, жумладан, иқтисодий эркинлик даражасида сезиларли тебранишларга олиб келгани қайд этилиб, ушбу ўзгаришлар доимий ёки вақтинча эканлиги ҳозирча номаълумлиги тўғрисида таъкидлаб ўтилган.

Юқорида қайд этилган ўзгаришлар натижасида баллар кесимида 177 та давлатдан 119 тасида (67,2 фоизида) пасайиш қайд этилган.

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Индекс методологиясига киритилган ўзгартиришлар натижасида барча МДҲ давлатлари рейтингида баллар қийматининг пасайиши қайд этилган ва фақат икки давлат (Молдова ва Туркманистон) ўз позицияларини яхшилаган.

Жадвал: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Дунё рейтингининг энг юқори 3 та поғонасида Сингапур (84,4 балл), Швейцария (84,2 балл) ва Ирландия (82,0 балл) эгаллаган бўлса, энг қуйи ўринларда эса Куба (29,5 балл), Венесуэла (24,8 балл) ва Корея Халқ Демократик Республикаси (3,0 балл) ўрин эгаллаган.