Ўзбекистон вилоятлари марказларида Damas русумли енгил автомобиллар фаолият кўрсатувчи йўналишларни босқичма-босқич автобус ва микроавтобуслар билан алмаштирилади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида сўз боради.
Лойиҳага кўра, йўловчи ташиш транспорти тизимини тубдан такомиллаштириш Дастури лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бунда:
- аҳоли пунктларнинг жамоат транспорт билан қамровини 95 фоизга етказиш;
- ўрта ва йирик шаҳарларда жамоат транспортидан фойдаланиш улушини 22 фоиздан 35 фоизга ошириш;
- вилоят марказларида Damas русумли енгил автомобиллар фаолият кўрсатувчи йўналишларни босқичма-босқич автобус ва микроавтобуслар билан алмаштириш;
- 52 та автостанция қуриш ҳамда 29 тасини реконструкция қилиш;
- 278 та янги автобус йўналишлари очиш;
- 60 та янги шаҳарлараро автобус йўналишларини ташкил этиш;
- автобус ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилиши устидан назорат тизимини такомиллаштириш;
- мунтазам йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун янги автобус ва микроавтобусларни олиб киришда ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчидан харид қилишда қўшилган қиймат солиғини фоизсиз ва унинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш тизимини жорий этиш назарда тутилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳар жамоат транспорти учун 650 тадан ортиқ электробус харид қилиниши хабар қилинганди.


