Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш учун 673 та электробус харид қилинади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида сўз боради.
Лойиҳага кўра, 2022 йилнинг февралига қадар Тошкент шаҳрида ўзаро узвий боғланган барча транспорт турларини ривожлантириш Дастури ишлаб чиқилади. Бунда:
- 673 дона электробуслар харид қилиш;
- шаҳар йўловчи ташиш транспортининг барча турларини узвий боғлаган ҳолда 11 та магистрал, 14 та ҳалқа, 92 та боғловчи ва 42 та етказиб берувчи янги мунтазам автобус йўналишлари тармоғини яратиш;
- намунавий дизайн асосида йўловчилар, жумладан имконияти чекланган шахслар учун қулай шароитга эга бўлган 1160 та оралиқ бекатларини қайтадан қуриш;
- Тошкент шаҳри жамоат транспортининг камида 5 та йўналишида хорижий экспертлар томонидан ишлаб чиқилган «босилган йўл», «йўловчи оқими» ва «сифат» мезонлари асосида бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ташувчиларни молиялаштиришнинг янги тизимини (Pool system) жорий этиш бўйича эксперимент ўтказиш;
- аҳолини соғлом турмуш тарзини яратиш мақсадида ҳар йили 50 километрдан, 5 йил давомида жами 250 километр велосипед ва пиёдалар йўлакларини қуриш назарда тутилган.
Аввалроқ Тошкент жамоат транспортида йўлкира нархи кўтарилиши ҳақида хабар қилинганди.


