Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 23ноябр · Душанба
USD 12 004,48 ▲ +32,84 EUR 13 155,71 ▼ −4,71 RUB 146,56 ▲ +0,23 GBP 15 721,07 ▼ −27,62
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Солиқ қўмитаси кешбэк фойдаланувчиларига огоҳлантириш билан чиқди

Фирибгарлар Telegram мессенжерида Солиқ қўмитаси номидан турли гуруҳлар, каналлар ва ботлар ташкил этиб, қўмита номидан турли хабарлар ва хавфли иловаларни тарқатиш билан шуғулланиб келмоқда. Солиқ қўмитаси норасмий каналларга кирмаслик, уларга обуна бўлмаслик ва уларни бошқаларга тарқатмасликка чақирди.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Telegram мессенжерида Солиқ қўмитаси номидан ташкил этилган ва киберфирибгарлар томонидан бошқарилаётган 50 га яқин ёпиқ ва очиқ гуруҳлар, каналлар ҳамда ботлар аниқланган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, фирибгарлар ушбу ресурслар орқали кешбэк чекларини сотишга уриниш, пул эвазига ижара шартномаларини расмийлаштиришга ундаш, «кешбэк орқали пул ишлаб олинг» реферал акцияларини ўтказиш билан шуғулланиб келмоқда.

Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси номидан турли хилдаги хабарлар ва хавфли иловаларни тарқатиш каби ҳаракатлар амалга оширилган.

Маълумот берилишича, жумладан, қуйидаги ресурслар аниқланган:

  • soliquz_chek_keshbek;
  • SoliqUz_keshbeklar;
  • Soliqmobilxizmati;
  • SoliqUzbDavlat_bot;
  • keshbek_soliqbot.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан қўмита киберхавфсизлик хизмати мессенжернинг техник қўллаб-қувватлаш хизматига расмий мурожаат юборган.

Солиқ қўмитаси норасмий каналларга кирмаслик, уларга обуна бўлмаслик ва уларни бошқаларга тарқатмасликка чақирган.

Шунингдек, норасмий каналларда жойлаштирилган ҳаволаларни очмаслик ва бундай манбалардан олинган иловаларни қурилмага ўрнатмаслик сўралган.

Фуқаролар шу каби ҳолатларга дуч келганда @soliquz_report_bot орқали хабар беришлари мумкин.