Адлия вазирлиги 17 ноябрь куни банкларда нақд пул муомаласини ташкил этиш бўйича янги йўриқномани давлат рўйхатидан ўтказди.
Ҳужжат 2027 йил 19 февралдан бошлаб кучга киради. Унга кўра, келгусида муомалага чиқариладиган янги банкнот ва тангалардаги ёзувлар такомиллаштирилган ўзбек лотин алифбосида бўлади.
Марказий банк матбуот хизмати изоҳида ушбу сана янги пул белгилари муомалага чиқариладиган ёки амалдаги пуллар алмаштириладиган сана эмаслигини тушунтирди. Янги банкнот ва тангалар муомалага чиқарилишидан камида бир ҳафта олдин регулятор бу ҳақда расман хабар беради.
“Энг муҳими, ҳозир муомалада бўлган барча банкнот ва тангалар ўз қийматини сақлаб қолади. Келгусида янги пул белгилари чиқарилган тақдирда ҳам амалдаги пуллардан аввалгидек дўконларда, бозорларда ва бошқа жойларда бемалол фойдаланиш мумкин”, — дейилади баёнотда.
Марказий банк амалдаги банкнот ва тангаларни алмаштириш ёки бунинг учун бирор қўшимча ҳаракатни амалга ошириш талаб этилмаслигини таъкидлади.
Регулятор пул муомаласига оид маълумотларни расмий манбалардан олишни сўради.


