Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Шавкат Мирзиёев Кореянинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашди

Тадбирда Samsung, KIA Motors ва бошқа компаниялар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикасининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбирда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Мун Син Ук, Корея халқаро савдо уюшмаси раиси Кристофер Ку, Корея Эксимбанки, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), SK Ecoplant, Posco, Samsung, SK Nexilis, Youngone, KIA Motors, K-water, KT-Net ва кўплаб бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Мамлакатимизда бошланган ўзгаришлар ортга қайтмайди. Янги Ўзбекистон стратегиясида мамлакатимизда тадбиркорлар учун энг қулай шароитлар яратиш, хорижий бизнес фаолиятини кенгайтириш ишларини давом эттириш кўзда тутилган. Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ва алоҳида стратегик шериги — Корея Республикаси билан барқарор, ишончга асосланган ва жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни қадрлаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев. 

Қайд этилишича, давлат раҳбари Корея компанияларини биргаликда янги, кенг кўламли ташаббусларни ишлаб чиқишга чақирган. Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда фаол тадбиркорлик учун яратилган шароитларни юксак баҳолаган ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда Корея компаниялари билан ҳамкорликда рақамлаштириш, «яшил» энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, фармацевтика, геология соҳалари ва бошқа кўплаб йўналишларда умумий қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ 40 та янги лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга аниқ муддатларини белгилаган ҳолда тегишли «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга топшириқ берди.

«Бош мақсадимиз — Корея бизнеси Ўзбекистондаги муҳитнинг қулайлигини ҳис этиб фаолият юритсин», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Корея компаниялари раҳбарларини Ўзбекистонга келиш ва у ерда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлардан фойдаланишга таклиф этди. Шу билан Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи якунига етди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистон ва Корея Президентлари қўшма баёнот қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.