Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик билан шуғулланувчиларга имтиёзли кредитлар берилади

Деҳқон хўжаликларига кредит 14 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан ажратилади.

Фото: «botanichka.ru»

Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик билан шуғулланувчиларга имтиёзли кредитлар бериш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининнг Huquqiy axborot канали хабар берди.

Маълум қилинишича, Президентнинг 15 декабрдаги «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга — мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредит ажратилади.

Шунингдек, мева-сабзавотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга — етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 14 фоиз ставкада 12 ойлик «револьвер» кредит берилади.

Қайд этилишича, мазкур тадбирларни молиялаштириш учун жамғармага 2 триллион сўм бюджет ссудаси ажратилади. Шу билан бирга, 2022 йил 1 мартдан мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига — экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи қоплаб берилади. Бунда қоплаб бериладиган маблағ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаслиги керак.

Бундан ташқари, мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) — хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади. Бунда харажатлар бир ойга 1 нафар мутахассис учун минг доллар эквивалентидан ошмаслиги лозим.

Аввалроқ Ўзбекистонда пахта етиштириш ва йиғим-теримни молиялаштириш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши хабар қилинганди.