Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари маълумотларининг махфийлиги таъминланади

Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга доир қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Фото: Sputnik

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари маълумотларининг махфийлигини таъминлаш бўйича қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида депутатлар томонидан «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинган.

Меҳнат мигрантлари қўллаб-қувватланади
Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги асосий принциплар, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, халқаро ҳамкорлик, давлат органларининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатлари масалалари ўрин олган. Шунингдек, фуқароларнинг ташқаридаги меҳнат фаолиятига доир ҳуқуқлари, меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва улар тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда ташқи меҳнат мигарцияси соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган қарорлар эса ички ва ташқи меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, хорижий иш берувчилар талаби асосида касбга ва хорижий тилларга ўқитиш орқали иш билан таъминлаш механизмларини йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, соҳада кузатилган кўп йиллик муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси улуши ва географиясини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Хориждаги ватандошлар ташкилотлари, юридик ташкилотлар билан биргаликда оғир вазиятда ишсиз, бошпанасиз қолган ва ҳақ-ҳуқуқлари камситилаётган меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш энг устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Аввалроқ Россияда меҳнат муҳожирлари ўртача қанча ойлик олиши маълум бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Россияда 2022 йил мигрантлар учун IT-карта жорий этилиши ҳақида хабар берилди.