Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Финляндия Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга 28 млн доллар ёрдам ажратади

Ўзбекистон Финляндиянинг устувор ҳамкорлар рўйхатига киритилди

Фото: «toptenz.net»

Хельсинки Ўзбекистонни Марказий Осиё мамлакатларида ривожланишни қўллаб-қувватлаш сиёсати бўйича устувор ҳамкорлар рўйхатига киритди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон элчиси Қадамбой Султонов Финляндия ташқи ишлар вазирлигининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё департаменти бош директори Марья Лиивала билан учрашган. Учрашув чоғида Финляндия ташқи сиёсат маҳкамаси вакили Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларида ривожланишни қўллаб-қувватлаш сиёсати бўйича устувор ҳамкорлар рўйхатига киритилганини таъкидлаган.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, Финляндиянинг Марказий Осиёдаги саъй-ҳаракатларидан кўзланган мақсадлар ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг 2021–2024 йилларга мўлжалланган янги стратегиясида белгиланган. Унда Ўзбекистонни устувор ҳамкорлар рўйхатига киритиш бўйича қабул қилинган қарор Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар самараси экани таъкидланган.

Таъкидланишича, келгуси 3 йил мобайнида Финляндия қонун устуворлиги, барқарор иқтисодий ривожланиш ва табиий ресурсларни бошқаришни такомиллаштириш каби учта асосий йўналиш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ниятида. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга режалаштирилган умумий ёрдам миқдори қарийб 28 миллион доллар (25 миллион евро) ни ташкил этади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон-Финляндия кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича мунтазам амалий мулоқот ва ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинган. Шунингдек, турли даражадаги икки томонлама алоқалар жадвали юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Буюк Британиянинг Кенгайтирилган GPS тизимига қўшилган илк давлат бўлгани хабар қилинганди.