Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 2022 йилда қанчага етиши прогноз қилинди

Давлат ташқи қарзи 2022 йил якунлари бўйича 30,4 миллиард долларни ташкил этиши тахмин қилинмоқда

Фото: «theeuropean.de»

Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 2022 йил якунига 33,5 миллиард доллар (ЯИМга нисбатан 45,2 фоиз) миқдорида прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлигининг «Фуқаролар учун бюджет — 2022» (лойиҳа) нашрида сўз боради.

Қайд этилишича, умумий давлат қарзи, миқдорининг ўсишига қарамай, макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада қолмоқда. Давлат ташқи қарзи 2022 йил якунлари бўйича 30,4 миллиард долларни (ЯИМга нисбатан 41 фоиз) ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Шундан 23,5 миллиард доллар Ўзбекистон номидан ва 6,9 миллиард доллар Ўзбекистон кафолати остида жалб қилинган.

Инфографика: «Фуқаролар учун бюджет — 2022»

Шунингдек, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида давлат қарзи бўйича айрим чекловлар қўйилади. Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати номидан ва Ўзбекистон кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг чегаравий ҳажми ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслиги зарур.

Инфографика: «Фуқаролар учун бюджет — 2022»

Таъкидланишича, 2022 йилда Ўзбекистон номидан ва Ўзбекистон кафолати остида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича янгидан имзоланаётган шартномалар ҳажми 4,5 миллиард доллар ҳисобида прогноз қилинмоқда.

Инфографика: «Фуқаролар учун бюджет — 2022»

Қолаверса, 2022 йилда давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича харажатлар 14 триллион 270 миллиард сўм миқдорида прогноз қилинмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчиларнинг бюджет тушумларидаги улуши прогноз қилинганди. Шунингдек, 2022 йилги давлат бюджети харажатларининг таркиби эълон қилинди.