Ўзбекистонга янги олиб келинган Afrosiyob поездларининг Тошкент–Бухоро–Тошкент йўналишида қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 13 ноябрдан бошлаб ҳафтанинг шанба, якшанба кунлари Тошкент–Бухоро–Тошкент йўналишида 770/769-сонли Afrosiyob поездларининг қатнови йўлга қўйилади.
Ҳаракат жадвалига кўра, шанба ва якшанба кунлари соат 09:02 да Тошкент марказий темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга оширадиган 770-сонли Afrosiyob поезди Самарқанд ва Навоий темир йўл вокзалларида ҳам тўхтаб ўтиб, соат 12:47 да Бухоро-1 темир йўл вокзалига етиб боради.
Қайд этилишича, 769-сонли Afrosiyob поезди ушбу кунларда соат 15:02 да Бухоро 1 темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга ошириб, соат 18:50 да Тошкент марказий темир йўл вокзалига кириб келади.
Аввалроқ Ўзбекистонга Россиядан махсус поезд рейслари амалга оширилиши ҳақида хабар берилганди.


