Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 19ноябр · Пайшанба
USD 12 010,45 ▼ −13,16 EUR 13 200,69 ▼ −36,10 RUB 145,64 ▲ +0,10 GBP 15 842,98 ▼ −22,17
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Айрим таълим муассасаларининг ҳисобчи ва кадрлар инспекторларига 120 фоизгача устама тўланади

Қўшимча тўловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги таълим муассасаларининг ҳисобчилари ва кадрлар бўйича инспекторларига белгиланади. Устама миқдори ходимларнинг умумий иш стажига қараб ҳисобланади.

Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги айрим таълим муассасалари ходимларига кўп йиллик иш стажи учун ҳар ойлик устама тўлаш тартиби белгиланди.

Маълум қилинишича, Адлия вазирлиги 16 ноябрь куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг тегишли буйруғини 3975-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказган.

Ҳужжат билан агентлик тизимидаги айрим таълим муассасаларининг бош ҳисобчилари, етакчи ҳисобчилари, ҳисобчилари ҳамда кадрлар бўйича инспекторлари учун тариф разрядлари ва кўп йиллик иш стажига қараб тўланадиган ойлик устамалар белгиланган.

Устамалар қуйидаги миқдорларда тўланади:

  • 1 йилдан 3 йилгача иш стажи учун — лавозим маошининг 30 фоизи;
  • 3 йилдан 5 йилгача — 60 фоиз;
  • 5 йилдан 10 йилгача — 80 фоиз;
  • 10 йилдан 15 йилгача — 100 фоиз;
  • 15 йил ва ундан ортиқ — 120 фоиз.

Мазкур устамалар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар ой тўланади.

Янги тартиб реабилитация марказига эга бўлган кўп тармоқли давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, кўп тармоқли ихтисослаштирилган ва қўшма турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда экспериментал мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилади.

Шунингдек, ихтисослаштирилган мактаблар, кўп функсионал инклюзив-ресурс мактаблар, кўп тармоқли мактаб ва мактаб-интернатлар, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда кўп функсионал инклюзив-ресурс маркази ходимлари ҳам ушбу тартиб билан қамраб олинади.

Ҳужжатда махсус техникумларнинг кадрлар бўйича инспекторлари учун ҳам тариф разряди белгиланган. Тасдиқланган тариф жадвалига кўра, тегишли муассасаларда бош ҳисобчилар учун 14-разряд, етакчи ҳисобчилар учун 13-разряд, ҳисобчилар ва кадрлар бўйича инспекторлар учун эса 12-разряд назарда тутилган.

Устама тайинлашда ходимнинг меҳнат дафтарчаси, жумладан, электрон меҳнат дафтарчасида қайд этилган давлат ва нодавлат ташкилотларидаги барча меҳнат фаолияти даврлари ҳисобга олинади. Агар бошқа қонунчилик ҳужжатларида тегишли лавозимлар учун юқорироқ тариф разрядлари белгиланган бўлса, иш ҳақи ва устамалар юқорироқ разряд ҳамда миқдорлар асосида тўланади. Мазкур буйруқ 2026 йил 17 ноябрда расман эълон қилинган ва шу кундан кучга кирган.