Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 2ноябр · Душанба
USD 12 023,46 ▼ −42,76 EUR 13 461,47 ▲ +17,29 RUB 149,44 ▼ −0,30 GBP 16 146,30 ▲ +70,48
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Хорижга ишга юбориш тўлиқ ишончли хусусий бандлик агентликларига ўтказилади

Юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир киши учун агентликка 1,5 млн сўмдан рағбат пули тўланади. Шунингдек, ёшларни касб ва тилга тайёрлаш учун техникум биноларининг бир қисми бепул ижарага берилади.

Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда хусусий бандлик агентликларига лицензия бериш тартиби соддалаштирилгач, икки йилда уларнинг сони уч баравар кўпайгани қайд этилди. Агентликлар орқали хорижда ишга жойлашганлар эса беш карра ортди. Президент соҳада хатолар, коррупция ва фуқароларни алдаш ҳолатлари ҳам бўлганини айтди. Муаммоларни бартараф этиш учун алоҳида қонун қабул қилиниб, ҳуқуқий асос яратилди.

Келаси йилдан фуқароларни чет элга ишга юбориш вазифаси хусусий сектордаги энг ишончли бандлик агентликларига тўлиқ ўтказилади. Юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир киши учун агентликка 1,5 млн сўмдан рағбат пули тўланади.

Ёшларни касб ва тилга тайёрлаш учун техникум биноларининг бир қисми бепул ижарага берилади. Чет элдан жалб қилинган ўқитувчи ва экспертларга ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади, ўқув жараёни учун зарур ускуна ва жиҳозлар божхона божидан озод қилинади.

Шу билан бирга, хусусий бандлик агентликлари тўлиқ шаффоф тизимда ишлайди, уларнинг рейтинги юритилади. Фуқаронинг аниқ ишга жойлашиши, ҳуқуқлари таъминланиши, юқори даромад олиши ва кафолатли ижтимоий таъминотга эга бўлиши асосий мезон бўлади.

Президент бир ойда агентликлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қарор лойиҳасини киритиш, ушбу фаолиятни ижтимоий хизмат сифатида кўриб, солиққа тортишни шунга мос равишда соддалаштиришга топшириқ берди.