Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 16октябр · Жума
USD 12 011,65 ▲ +48,49 EUR 13 462,66 ▲ +72,30 RUB 143,17 ▲ +0,84 GBP 15 911,83 ▲ +41,50
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Тошкентда 120 мингта янги мактаб ва боғча ўрни яратилади

2030 йилгача республика бюджети ҳисобидан 48 мингта, маҳаллий бюджет ҳисобидан 78 мингта янги ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилган. Натижада мактабларнинг юкламаси ҳозирги 1,4 коэффициентдан 2030 йилда 1,2 гача пасаяди.

Президент Тошкентда маҳаллаларни ободонлаштириш, янги мактаб ва боғчалар қуриш ҳамда шаҳар муҳитини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Пойтахтда аҳоли сони ўсиши билан ўқувчи ўринлари танқислиги ортиб бораётгани айтилди. 2025−2026-ўқув йилида у 141 мингтани ташкил этган бўлса, кейинги беш йилда ўқувчилар сони 71 мингтага (14%) кўпайиши ҳисобига 2030−2031-ўқув йилига бориб, 212 мингтага етиши мумкин.

Шу боис, 2030 йилгача республика бюджети ҳисобидан 48 мингта, маҳаллий бюджет ҳисобидан 78 мингта янги ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилган. Натижада мактабларнинг юкламаси ҳозирги 1,4 коэффициентдан 2030 йилда 1,2 гача пасаяди.

2026−2027-ўқув йили учун умумий майдони 64,6 минг квадрат метр бўлган, жами 38 минг ўринли 24 та янги мактабнинг лойиҳалари тайёрланган. Мактабларнинг амалдаги намунавий лойиҳаларига 17 та янги имконият қўшилмоқда.

Жумладан, қўшимча ўқув майдонлари, кутубхона, спорт ва маданият тадбирлари учун мослашувчан заллар, ўқитувчилар учун қулай хоналар кўзда тутилган. Лойиҳаларда пандус ва лифтлар, инклюзив таълим хоналари, тиббий хоналар, хавфсизлик ҳамда энергия тежамкорлик ечимлари ҳам назарда тутилган.

Ҳаракат ва сув датчиклари ҳисобига электр энергияси сарфи 20% гача, сув сарфи 10% гача тежалади. Янги ечимлар ер майдонини 50% тежаш, бир ўқувчига тўғри келадиган майдон самарадорлигини 15% га ошириш, спорт майдонларини уч баробар кенгайтириш имконини беради. Умуман олганда, намунавий лойиҳалар самарадорлиги 40% га оширилади.

Хусусий таълим марказларининг давлат мактаблари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилади. Бу ўқувчиларнинг мактабнинг ўзида олийгоҳларга тайёрланиши ва янги тилларни ўрганиши учун шароит яратади.

Шаҳарда 3−7 ёшли болалар сони 253 мингтани ташкил этади. Уларнинг мактабгача таълим билан қамрови 79,2%, боғчалардаги ўринлар танқислиги эса 65 мингта. Шу боис, 2030 йилгача республика буджети ҳисобидан 8 мингта, маҳаллий буджет ҳисобидан 32 мингта қўшимча боғча ўрни яратиш режалаштирилмоқда.

Натижада 2030 йилда қамров 92% га етказилади. 2026−2027-ўқув йили учун эса умумий майдони 32 минг квадрат метр бўлган, жами 16 минг ўринли 28 та янги боғчанинг беш турдаги лойиҳалари тайёрланган.

Боғчаларнинг намунавий лойиҳасига болалар ривожланиши ва саломатлигига хизмат қилувчи 14 та янги ечим киритилмоқда. Уларда сенсор ва логопед хоналари, психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш жойлари, тиббий блок, турли машғулотларга мослаштириладиган заллар бўлади.

Болалар хавфсизлиги учун видеокузатув ва жароҳатдан ҳимояловчи қопламалар, қулай муҳит яратиш учун ҳаво тозалагичлар, шунингдек, энергия тежамкор ёритиш ва қуёш панеллари кўзда тутилган. Бу орқали намунавий лойиҳалар самарадорлиги 38% га оширилади.

Тақдимотда Учтепа туманида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан Uchtepa City замонавий ишбилармонлик марказини барпо этиш лойиҳаси ҳам тақдим этилди.

37 гектар ҳудудда икки босқичда амалга ошириладиган лойиҳанинг биринчи босқичида 26 гектарда инвестор томонидан $1 млрд инвестиция киритилади. Иккинчи босқичда 11 гектарда турар жой ва хизмат кўрсатиш бинолари қурилади. Марказда кўп қаватли турар жойлар, офислар, савдо-кўнгилочар мажмуа, халқаро брендга эга меҳмонхона ва сайилгоҳ барпо этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон — Туркия дўстлик боғи ва Отатурк кўчасининг меъморий концепцияси ҳам намойиш қилинди.

Давлат раҳбари мутасаддиларга тақдим этилган лойиҳаларни аҳоли эҳтиёжлари ва шаҳарсозлик талаблари асосида янада пухта ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.