Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 16октябр · Жума
USD 12 011,65 ▲ +48,49 EUR 13 462,66 ▲ +72,30 RUB 143,17 ▲ +0,84 GBP 15 911,83 ▲ +41,50
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Мурожаатлар бўйича энг салбий кўрсаткичга эга банклар номи маълум қилинди

2026 йилнинг июль-сентябрь ойларида Марказий банкка банклар фаолияти юзасидан 12 307 та мурожаат келиб тушди. Регуляторнинг қайд этишича, мижозлар сонига нисбатан мурожаатлар улушининг юқорилиги банк хизматлари сифатини яхшилаш зарурлигини кўрсатади.

Марказий банк 2026 йилнинг учинчи чорагида банклар фаолияти юзасидан келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилди. Бу ҳақда регулятор хабар берди.

Июль—сентябрь ойларида Марказий банкка бевосита ва бошқа давлат органлари орқали жами 12 307 та мурожаат келиб тушган.

Мижозлар сонига нисбатан мурожаатлар улуши бўйича энг юқори кўрсаткич Hayotbank’да қайд этилди — 5,71. Кейинги ўринларни Бизнесни ривожлантириш банки (3,17) ва Микрокредитбанк (2,53) эгаллади.

Шунингдек, TBC Bank (1,96), Anorbank (1,86), Туронбанк (1,62), Асакабанк (1,27), InFinBank (1,25), AVO bank (1,25) ва Капиталбанк (1,24) энг юқори кўрсаткичга эга ўнта банк қаторидан жой олди.

Марказий банк қайд этишича, мижозлар сонига нисбатан мурожаатлар улушининг юқорилиги банк хизматлари сифатини яхшилаш зарурлигини кўрсатади.

Хусусан, банклар мижозларга маҳсулот ва хизматлар бўйича етарли тушунтириш бериши, мурожаатларга ўз вақтида ва сифатли жавоб қайтариши ҳамда такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган тизимли камчиликларни бартараф этиши зарур. Шунингдек, мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ва ички назорат механизмларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Шу муносабат билан регулятор банкларга мурожаатлар сабабларини чуқур таҳлил қилиш, уларни кўриб чиқиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришни тавсия этди.

Регуляторнинг қайд этишича, мурожаатлар индекси банкларнинг молиявий барқарорлиги ёки ишончлилигини эмас, балки мижозлар сонига нисбатан мурожаатлар улушини акс эттиради. Чорак давомида 100 тадан кам мурожаат келиб тушган банклар учун индекс ҳисобланмайди.