Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Банклар ўз карталари ўртасидаги тўловларни мустақил қайта ишлаши мумкин бўлади

Ўзбекистондаги банкларга бир банкнинг ўзида очилган карталар ўртасидаги тўлов операцияларини учинчи томон процессинг хизматини жалб қилмасдан, ўз ахборот инфратузилмаси орқали қайта ишлаш имконияти берилади. Янги тартиб банклар учун ихтиёрий бўлиб, уни жорий этиш учун киберхавфсизлик ва тизим узлуксизлигига доир қатор талаблар бажарилиши керак.

Марказий банк бошқаруви банк карталарини чиқариш ва уларнинг муомалада бўлиши қоидаларига In-house моделини жорий этишга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритди. Қарор 27 август куни Адлия вазирлигида 3294-4-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Янги тартибга кўра, банк In-house модели орқали тўлов операцияларини процессинг хизматини кўрсатувчи учинчи томонни жалб қилмасдан, ўз ахборот инфратузилмасида авторизация қилиши, қайта ишлаши ва банк ҳисобварақларида акс эттириши мумкин.

Бунда модель фақат тўловчи ва маблағ олувчининг карталари айни бир банкда очилган операцияларга татбиқ этилади. Яъни янги тартиб турли банклар карталари ўртасидаги тўловларни қамраб олмайди.

In-house моделини қўллаш банклар учун мажбурий эмас. Уни жорий этмоқчи бўлган банк ишга туширишдан камида 30 кун олдин Марказий банкка хабарнома юбориши керак. Унда модель ишга тушириладиган сана, қайта ишланадиган операциялар, фойдаланиладиган ахборот тизимлари ҳамда киберхавфсизлик ва фаолият узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрсатилади.

Банклар бундай тизимда тўлов маълумотларининг махфийлиги, яхлитлиги ва мавжудлигини таъминлаши, операцион ва технологик хатарларни бошқариш тартибини белгилаши керак.

Шунингдек, асосий тизимдан мустақил захира алоқа канали ва ахборот тизими мавжуд бўлиши талаб қилинади. Захира тизимига ўтиш ва ахборот тизимларини тиклаш жараёнлари йилига камида бир марта синовдан ўтказилади.

In-house модели орқали амалга оширилган операциялар ҳақидаги маълумотлар камида беш йил сақланиши керак.

Тизим ишлашига таъсир қилган узилиш, операцион ҳодиса ёки киберхавфсизлик билан боғлиқ ҳолат юз берса, банк бу ҳақда Марказий банкка зудлик билан дастлабки ахборот беради. Ҳодисанинг сабаблари, оқибатлари ва кўрилган чоралар ҳақидаги батафсил маълумот эса уч иш куни ичида тақдим этилиши лозим.

Марказий банк In-house модели орқали операцияларни қайта ишлаётган банкларнинг белгиланган талабларга риоя этишини мониторинг ва назорат қилади. Қарор уч ойдан сўнг кучга киради.