Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 10ноябр · Сешанба
USD 11 994,10 ▲ +6,94 EUR 13 420,20 ▲ +26,95 RUB 145,79 ▼ −0,50 GBP 16 087,69 ▲ +27,29
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Онлайн савдо бўйича энг кўп шикоят тушаётган компанияларни маълум бўлди

Рақобат қўмитаси тўққиз ойда келиб тушган 1,2 мингдан ортиқ шикоятни таҳлил қилиб, электрон тижоратдаги тизимли муаммоларни маълум қилди. Мурожаатларнинг аксарияти Uzum ва Alif хизматларига тўғри келади.

2026 йилнинг ўтган даврида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича келиб тушган мурожаатларнинг 19,2 фоизи ёки 1230 таси электрон тижорат соҳасига тўғри келди, дея хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Соҳа бўйича умумий мурожаатлар сони (чакана савдо ва умумий овқатланишни қўшганда) 6414 тани ташкил этган. Мурожаатларнинг асосий қисми йирик маркетплейслар ва муддатли тўлов (насия) хизматлари ҳиссасига тўғри келган:

  • Uzum Market — 446 та (36,2%);
  • Uzum Nasiya — 184 та (14,9%);
  • Alif Shop — 92 та (7,5%);
  • Ishonch дўконлар тармоғи — 69 та (5,6%);
  • Yandex хизматлари — 63 та (5,1%).

Қўмита таҳлиллари соҳада бир қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатган. Хусусан, электрон тижорат иштирокчиларини идентификация қилиш ва шаффофликни таъминлаш, электрон шартномалар ва муддатли тўлов тизимларини такомиллаштириш зарур.

Шу билан бирга, товарларни етказиб бериш ҳамда пул маблағларини қайтариш механизмларидаги камчиликлар, онлайн платформаларнинг масъулияти ва судгача низоларни ҳал қилишнинг рақамли тизимлари етарли эмаслиги аниқланган.

Аризаларнинг 57,2 фоизи (704 та) истеъмолчилар фойдасига ҳал этилиб, уларнинг ҳуқуқлари тикланган. 36,8 фоизи (453 та) бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 2,7 фоизи (33 та) эса ваколатли бошқа органларга юборилган.

Идора маълумотларига кўра, фуқаролар мурожаатлари асосида юзага келаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда.