Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 23октябр · Жума
USD 11 903,15 ▼ −62,36 EUR 13 329,15 ▼ −108,12 RUB 146,75 ▲ +0,79 GBP 15 916,89 ▼ −112,11
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда “Пенсия” иловаси ишга туширилади

Шунингдек, пенсиянинг жамғариб бориладиган қисмидан йиғиладиган маблағларни инвестиция бошқариш имкониятлари ҳам яратилади. Ҳар қандай фуқаро «Пенсия» иловаси орқали ўзи учун иш берувчи қанча ижтимоий солиқ тўлганини кузата олади.

Ўзбекистонда “Пенсия” иловаси ишга туширилади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси директори Муродбек Отажонов 25-сентябр куни Тошкент шаҳрида ўтган матбуот анжуманини маълум қилди. Жамғарма раҳбари илова имкониятлари ҳақида қисқача маълумот берди.

“Пенсия” мобил иловасини яратиб бўлиш арафасидамиз. Буни октябр ойида эълон қиламиз. Лойиҳа бизнинг IT билан боғлиқ энг асосий йўналишимиз ҳисобланади. Яъни ҳар қандай фуқаро ўзи учун иш берувчи қанча ижтимоий солиқ тўлаганини билмайди. Ўзи пенсияси қанча бўлишини ҳам олдиндан дастлабки миқдорини билмайди. “Пенсия” иловамиз мана шу саволларга жавоб беради. Пенсиянинг жамғариб бориладиган қисмидан йиғиладиган маблағларни инвестиция бошқариш имкониятлари ҳам яратилади”, деди Муродбек Отажонов.

Маълумот учун, 2026 йил 15 сентябрь куни пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилишга оид президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжат асосида тизимда қатор ўзгаришларни амалга ошириш режалаштирилган. Улардан бири аёллар ва эркаклар учун пенсияга чиқиш ёшини ошириш ҳисобланади.

Фармон лойиҳасида 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили уч ойга ошириб борган ҳолда 2039 йилда эркакларга 63 ёшга, аёллар учун 58 ёшга етказиш белгиланган. Ҳозирда эркаклар 60 ёшдан, аёллар 55 ёшдан пенсияга чиқмоқда.

Ўз навбатида ёшга доир пенсия тайинлаш учун белгиланган камида 7-йил иш стажи ҳар йили бир йилга босқичма-босқич оширилган ҳолда 2034 йилда 15 йилга етказилиши мумкин. Бунда энг кам иш стажига эга бўлмаган фуқароларга умумий белгиланган пенсия ёшидан беш йилдан кейин ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Президент фармони лойиҳасининг муҳокамаси 2026-йил 30-сентябргача давом этилиши режалаштирилган. Бунда ҳар бир фуқаро порталга кириш орқали фармонни қабул қилишни тасдиқлаши ёки рад этиши мумкин.