Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

50 млн доллар инвестиция киритган хорижий электротехника брендлари 10 йил солиқлардан озод қилинади

Ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун уларга халқаро тажриба асосида ташкил этилган махсус иқтисодий зоналарда «тайёр ҳолда» бинолар тақдим этилади. Ушбу объектлар электр энергияси, газ, сув, канализация ва темир йўл инфратузилмаси билан таъминланади.

Фото: «123ru.net»

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларини тасдиқлади. Ҳужжатда 10 сентябрь куни электротехника саноатини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга бағишланган тақдимотда эълон қилинган чора-тадбирлар белгиланган.

Асосий йўналишлардан бири электротехника, электроника ва робототехника соҳаларига йирик стратегик инвесторларни жалб қилиш бўлади.

Уларга мазкур соҳалардаги халқаро таъминот занжирларида иштирок этувчи ва сўнгги уч йил ичида Forbes Global 2000 рейтингига кирган компаниялар киради. Улар йирик лойиҳаларни амалга оширишда қатор имтиёз ва преференцияларга эга бўлади.

Жумладан, стратегик инвесторлар фойда ва мол-мулк солиқлари, шунингдек, ер солиғидан 10 йил муддатга озод қилинади.

Ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун уларга халқаро тажриба асосида ташкил этилган махсус иқтисодий зоналарда «тайёр ҳолда» бинолар тақдим этилади. Ушбу объектлар электр энергияси, газ, сув, канализация ва темир йўл инфратузилмаси билан таъминланади.

Имтиёзлар қиймати $50 млн ва ундан юқори бўлган лойиҳаларга татбиқ этилади. Бундан ташқари, инвестор уч йил ичида қўшилган қийматни 40% ва ундан юқорига етказиши ҳамда фойдасининг камида 3% ини илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига йўналтириши керак бўлади.

Инвесторларни жалб қилиш, улар билан музокаралар ўтказиш, лойиҳаларни баҳолаш, инвестиция шартномаларини тайёрлаш ва уларнинг ижросини мониторинг қилишда иштирок этувчи халқаро консалтинг компаниялари хизматлари қонунчиликка мувофиқ молиялаштирилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзелтехсаноат халқаро форумларда тақдимотлар (роадшоw) ташкил этади. Тадбирлар, аввало, стратегик инвесторларни жалб қилишга йўналтирилиши алоҳида таъкидланган.