Ўзбекистонда ўрта тиббиёт ходимларининг касбий мақоми ва малакасини оширишга қаратилган янги тартиблар жорий этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот Telegram-канали хабар берди.
2027/2028-ўқув йилидан тиббиёт ва фармацевтика йўналишларига бакалавриатга, жумладан, мақсадли қабул доирасида киришнинг минимал чегараси максимал баллнинг 60% и этиб белгиланади.
2026/2027-ўқув йилидан эса тиббиёт ва фармацевтика йўналишларида ўқув модуллари ҳамда давлат имтиҳонлари учун минимал ўтиш бали шифокорлик мутахассисликларида 70%, ўрта тиббиёт ходимлари мутахассисликларида 60% ни ташкил этади.
Қисқа муддатли қайта тайёрлаш орқали тор соҳа бўйича қўшимча ихтисослаштириш ҳамда бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларига қабул бекор қилинади.
2027/2028-ўқув йилидан ҳамширалик иши негизида тиббий ҳамроҳлик иши, олий ҳамширалик иши негизида эса олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат йўналиши жорий этилади. Уни битирган аёлларга ҳамшира, эркакларга эса тиббиёт оғаси квалификацияси берилади.
Тиббий ҳамроҳлик иши бўйича магистратура ва хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма дастурлар йўлга қўйилади. Ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг икки йиллик дастурларига қабул ҳам бекор қилинади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан айрим тиббиёт ва педагог ходимларига базавий тариф ставкаси ёки лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик устамалар тўланади.
Жумладан:
- бакалавриатни тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари (ҳозирда 1 млн 271 минг сўм);
- магистратурани тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига — 2 баравари;
- оилавий тиббиёт бўйича резидентурани тамомлаган оилавий шифокорлар ҳамда шу йўналишдаги магистратурани тамомлаган педагогларга эса 4 баравари миқдорида устама белгиланади.
Бундан ташқари, олий тиббий ҳамроҳлик иши бўйича давлат буюртмаси қабул параметрлари 2030/2031-ўқув йилига қадар ҳар йили камида 20% га ошириб борилади.


