Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Рақобат қўмитаси маҳаллий авиарейслардаги кечикишларга компенсация тўланишини ўрганмоқда

Ярим йилда авиақатновлар билан боғлиқ 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Кечикишлар учун йўловчиларга компенсация ёки бошқа ечим таклиф этилмаяпти.

Рақобат қўмитаси кечиккан авиарейслар учун йўловчиларга компенсация тўланишини ўрганмоқда. Бу ҳақда назорат органи матбуот хизмати хабар берди.

2026 йилнинг биринчи ярмида ҳаво транспорти хизматлари бўйича истеъмолчилар мурожаатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,1 баробарга кўпайиб, 300 тадан ошди.

Мурожаатларда авиарейсларнинг бир неча соатга кечикиши, йўловчиларга ўз вақтида аниқ ахборот берилмаслиги, сифатсиз хизмат кўрсатилиши ва кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиниши каби ҳолатлар қайд этилган.

Қўмита таҳлилига кўра, айрим ҳолларда ташувчининг айби билан кечиккан рейслар бўйича йўловчиларга компенсация ёки муқобил ечим таклиф этилмаган. Бу эса фуқароларнинг вақти, маблағи ва режаларига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси маҳаллий авиарейслар ташувчининг айби билан кечикканда йўловчиларга компенсация тўланиши ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши ҳолатларини очиқ манбалар асосида ўрганмоқда.

Назорат органи авиакомпаниялардан рақамли платформаларидаги ахборотларни тўлиқ тақдим этиш ва қонунчиликка мувофиқлаштиришни, фуқаролардан эса ушбу соҳадаги таклиф ва эътирозларини қўмитага юборишни сўради.