Шавкат Мирзиёев ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан йиғилиш ўтказди. Йиғилишда хусусий сектор имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди.
Оқолтин туманида тадбиркор томонидан 880 ўринли хусусий мактаб ташкил этилиб, камбағал оилаларнинг 110 нафар фарзанди бепул ўқитилаётгани ижобий мисол сифатида келтирилди. Бунда бепул таълим олаётган боланинг ота-онаси ишга жойлашиши, фарзандининг мунтазам дарсга қатнашини таъминлаши керак.
Ҳазорасп туманидаги тикувчилик корхонасида 400 та бўш иш ўрни борлиги, бироқ бола парвариши билан боғлиқ шароит етарли эмаслиги сабабли кўплаб аёллар ишга чиқа олмаётгани қайд этилди. Корхона раҳбари боғча ташкил этиш учун ер ажратилса, аёллар учун овқатланиш ва транспорт шароити яратишга тайёрлигини билдирган.
Шу муносабат билан тадбиркорлар боғча, мактаб ва техникум ташкил этиш бўйича тайёр лойиҳалар таклифи билан чиқиб, эҳтиёжманд оила фарзандларини бепул ўқитмоқчи бўлса, давлат ер участкаларини 1 млн сўм бошланғич нарх билан аукционга чиқаришга тайёр экани таъкидланди.
Шунингдек, қишлоқ туманларида эҳтиёжманд оила аъзосини ишга олган корхоналар учун 1 октябрдан ушбу ходим бўйича ижтимоий солиқ ставкаси 2 фоиз бўлиши белгиланди.


