Ўзбекистонда кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги квартиралардан уларни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан савдо ва хизмат кўрсатиш мақсадларида фойдаланишга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда 9 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бандлик ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, турар жой биноларининг биринчи қаватларида аҳоли талаб юқори бўлган хизматларни — сартарошхона ва гўзаллик салонлари, кичик дўконлар, ательелар, пойабзал ва маиший техникани таъмирлаш устахоналарини жойлаштириш мумкин.
Ҳозирда турар жойдан тижорат мақсадларида фойдаланиш учун уни нотурар жой тоифасига ўтказиш талаб этилади. Бу жараён бир қатор келишув ва рухсатларни олишни назарда тутади.
Шу муносабат билан биринчи қаватдаги квартираларда уларнинг мақомини ўзгартирмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш таклиф қилинди. Фаолиятни хабардор қилиш тартиби асосида йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Масъул идораларга бир ой муддатда бундай жойларда йўлга қўйиш мумкин бўлган савдо ва хизмат турлари рўйхатини тайёрлаш, шунингдек, хавфсизлик талабларини белгилаш топширилди.
Йиғилишда ҳар бир ҳудудда фойдаланилмаётган ва бўш турган бинолар, шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш мумкин бўлган ер участкаларини аниқлаш вазифаси ҳам қўйилди. Ушбу объектларни янги тадбиркорлик лойиҳалари билан боғлаш режалаштирилмоқда.
Туман ва маҳаллалардаги гавжум кўчаларда мастер-режалар асосида бизнес объектларини жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Тарихий шаҳарлар ва туристик маҳаллаларда кўчаларни «эски шаҳар» услубида ободонлаштириш, меҳмон уйлари, шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сонини кўпайтириш топширилди.


