Ўзбекистон бир қатор йирик компаниялардаги давлат акциялари ва улушларини сотишни режалаштирмоқда. Рўйхат президентнинг 28 августдаги иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш тўғрисидаги фармони билан тасдиқланган.
Ҳужжатга кўра, «Туронбанк»нинг 98,9% акциясини очиқ савдоларга чиқариш режалаштирилган. Банкнинг хусусийлаштиришга тайёрлик даражасини ҳисобга олган ҳолда ва халқаро консультантларнинг хулосалари асосида банкни хусусийлаштиришга тайёрлаш Иқтисодиёт ва молия вазирлигига топширилди.
100% капитали давлатга тегишли бўлган «Xalq Sug‘urta» суғурта компаниясини ҳам тўлиқ хусусийлаштириш режалаштирилмоқда.
Транспорт соҳасида «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи»нинг 90% улуши ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» тизимига кирувчи «Андижон механика заводи»нинг 100% улуши сотувга қўйилади.
Бундан ташқари, қуйидагиларни сотиш кўзда тутилган:
- «Ўзэкспомарказ»нинг 91,83%;
- Халқаро ҳамкорлик маркази («Бодомзор» метро яқинидаги Халқаро бизнес маркази)нинг 79,27%;
- KO-UNG CYLINDER’нинг 54,76%;
- Kor-UNG Investment’нинг 50%;
- V-GEN BIOPHARMA’нинг 50%;
- Inno Texnopark`нинг 100%;
- Ustudy’нинг 50%;
- «O‘ZBEK-TURK TEST MARKAZI»нинг 51% улуши.
Халқаро ҳамкорлик маркази ва «Ўзэкспомарказ» учун алоҳида шартлар белгиланган. Уларни хусусийлаштириш Президент администрацияси билан келишилган концепция ва сотув шартлари асосида амалга оширилиши керак. Рўйхатга давлатга тегишли бўлган «Трастбанк»даги улуш ҳам киритилган, бироқ у 0,001 фоизни ташкил этади. Ушбу пакетни алоҳида баҳоламасдан, биржа котировкаси бўйича сотишга рухсат берилган.
Бозорлар ва йўл корхоналари
Хусусийлаштириш йўл соҳасини ҳам қамраб олади. Давлат Avtomagistral унитар корхонаси, шунингдек, автомобиль йўлларини қуриш, фойдаланиш ва сақлаш бўйича бир қатор ҳудудий корхоналардаги акциялар ва улушлар пакетларини сотишни режалаштирмоқда.
Рўйхатга кўплаб савдо объектлари ҳам киритилган. Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги деҳқон бозорлари ҳамда савдо мажмуаларидаги давлат улушларини сотиш кўзда тутилган. Уларнинг кўпчилигида давлат назорат пакетига эгалик қилади.


