Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 21сентябр · Душанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ипотека кредитлари бўйича фуқароларга 1,1 трлн сўмдан ортиқ субсидия тўлаб берилди

2026 йилда ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун 12 355 нафар фуқарога субсидия ажратилган. Субсидиялардан фойдаланиш бўйича ҳудудлар орасида водий вилоятлари етакчилик қилмоқда.

Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича фуқароларга 1,1 триллион сўмдан ортиқ субсидия маблағлари тўлаб берилди. Бу ҳақда 4 сентябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 2026 йилда ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун 12 355 нафар фуқарога субсидия ажратилган бўлиб, маблағларнинг 367 миллиард сўми дастлабки бадал ёки унинг бир қисмини қоплаш учун, 774,1 миллиард сўми аввалги йилларда ажратилган ипотека кредитларининг фоиз тўловлари учун йўналтирилди. Шунингдек, мақсадли ипотека омонатлари бўйича 19,4 миллиард сўмлик субсидия ажратилган.

Субсидиялардан фойдаланиш бўйича ҳудудлар орасида водий вилоятлари етакчилик қилди. Улар орасида Андижон вилояти биринчи ўринда бўлиб, 1 472 нафар фуқарога бошланғич бадал учун 43,8 миллиард сўм ажратилди. Фарғона вилоятида шу мақсадда 1 410 кишига 41,9 миллиард сўм, Наманганда 1 406 кишига 41,6 миллиард сўм ажратилган.

Ундан кейинги ўриндан Қашқадарё вилояти жой олди – 1 260 нафар (37,5 миллиард сўм) фуқаро бу имтиёздан фойдаланган. Тошкент шаҳри аҳолиси бу борада энг сўнгги ўринда бўлиб, 389 кишига 11,6 миллиард сўм ажратилган.

Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича субсидиялар олиш учун аризалар 2026 йил 16 март куни бошланганди. Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида тақдим этилган хабарномаларнинг амал қилиш муддати доирасида фойдаланилмаган қисми ҳисобидан аризалар 27 июлдан бошлаб қабул қилинди.

Субсидия ажратиш дастурида Агробанк, Алоқабанк, Асакабанк, Asia Alliance Bank, Бизнесни ривожлантириш банки, Ҳамкорбанк, Ипак йўли банки, Ипотекабанк, Микрокредитбанк, Oриент Финанс банки, Trastbank, Tуронбанк, Халқ банки, Ўзмиллийбанк ҳамда Ўзсаноатқурилишбанк иштирок этмоқда.