Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 21сентябр · Душанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Марказий банк махсус стипендия дастурини эълон қилди

Стипендия миқдори Ўзбекистонда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч бараварига тенг бўлади. Аризалар 11 сентябргача қабул қилинади. Тест синовлари 15 сентябрь куни соат 10:00 да масофавий шаклда ўтказилади.

Фото: Марказий банк

Марказий банк махсус стипендия дастурини эълон қилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди. Танловда мамлакатдаги ОТМларда таҳсил олаётган бакалавриат ва магистратуранинг сўнгги босқичидаги кундузги таълим талабалари қатнашиши мумкин.

Стипендия миқдори Ўзбекистонда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч бараварига (1 млн 320 минг сўм) тенг бўлади.

Стипендиатлар Марказий банкнинг тегишли бўлинмаларида ҳафтасига 15 соатдан ошмаган ҳолда амалиёт ўташи мумкин. Бу уларга банк тизимида амалий тажриба орттириш ва назарий билимларини мустаҳкамлаш имконини беради.

Номзодлардан сўнгги ўқув йили якунлари бўйича юқори рейтинг кўрсаткичига эга бўлиш, давлат тилини мукаммал билиш, шунингдек, рус ва инглиз тилларини камида B2 даражасида билиш талаб этилади.

Танлов иқтисодиёт, макроиқтисодиёт, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар, статистика, молия, банк иши, бухгалтерия ҳисоби, сунъий интеллект, дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги, ахборот тизимлари ва технологиялари, юриспруденция, медиадизайн, филология ҳамда таржима каби йўналишлар талабаларига очиқ.

ACCA ва бошқа халқаро молиявий сертификатлар, Big Data билан ишлаш кўникмаси, IELTS 7.0 ва ундан юқори балл ҳамда иқтисодиёт, молия ёки IT бўйича олимпиадалардаги ютуқлар номзодга қўшимча устунлик беради.

Аризалар 11 сентябргача Марказий банкнинг расмий Telegram боти орқали қабул қилинади. Тест синовлари 15 сентябрь куни соат 10:00 да масофавий шаклда ўтказилади.

Тестдан муваффақиятли ўтган номзодларнинг хорижий тилларни билиш даражаси 16-центабр куни суҳбат орқали баҳоланади. Энг муносиб номзодлар эса 18 сентябрь куни Эксперт гуруҳи суҳбатига таклиф этилади.