Ўзбекистон банкларидаги жисмоний шахслар омонатлари бўйича фоизли даромадларга солиқ жорий этиш расмий ташаббус ёки амалга оширилиши режалаштирилган чора сифатида кўриб чиқилмаяпти.
Муҳокамаларга 30 июль куни бўлиб ўтган фискал мулоқотда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда фискал таҳлиллар институти томонидан билдирилган таклиф сабаб бўлди.
Институт жисмоний шахсларнинг банк депозитлари бўйича фоизли даромадларига 5% миқдорида солиқ белгилашни таклиф қилди. Ҳисоб-китобларга кўра, бу чора буджетга қарийб 1,4 трлн сўм қўшимча тушум келтириши мумкин эди.
Ушбу таклифдан сўнг бундай чоранинг омонатчилар ва банк сектори учун эҳтимолий оқибатлари юзасидан кенг муҳокамалар бошланди. Марказий банк ва Институт алоҳида-алоҳида расмий баёнотлар билан чиқди.
БМарказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов имзоси билан Spot’га йўлланган хатда Марказий банк бу масала бўйича аввал билдирилган позиция ўзгармаганини таъкидлаган. Регулятор депозитларга солиқ солиш таклифи илмий-таҳлилий тадқиқот доирасида билдирилгани ва Марказий банкка расмий таклиф сифатида тақдим этилмаганини эслатиб ўтди.
Шу билан бирга, Марказий банк тегишли тадқиқотлар ва таҳлилий материаллар Фискал институт томонидан тайёрланганини алоҳида қайд этди.
«Мазкур тадқиқот доирасида билдирилган фикр ва мулоҳазалар Марказий банк томонидан илгари сурилган расмий ташаббус, таклиф ёки муайян қарор лойиҳаси сифатида қаралмаслиги лозим», — дейилади хатда.
Шунингдек, Марказий банк тадқиқотнинг мазмуни, методологияси, асосий фаразлари, таҳлил натижалари ва таклифларнинг асослари тўғрисида батафсил маълумот олиш учун бевосита Институтга мурожаат қилиш кераклигини кўрсатиб ўтди.
Шу билан бирга, регулятор депозитлар бўйича фоизли даромадларга эҳтимолий солиқ солиниши ўзаро боғлиқ бир қатор масалаларга дахл қилишини таъкидлади. Булар жумласига аҳолининг жамғарма борасидаги хулқ-атвори, депозит бозоридаги шароитлар, банкларнинг ресурс базаси, кредит ва депозит бозорларининг ўзаро алоқадорлиги, пул-кредит шароитлари, молиявий воситачилик самарадорлиги ва макроиқтисодий барқарорлик киради.
Марказий банкка кўра, тегишли макроиқтисодий ҳисоб-китоблар ва комплекс таҳлилларсиз бу омилларнинг ўзаро таъсирини ҳамда таклиф этилаётган чоранинг эҳтимолий оқибатларини аниқ баҳолаш имконсиздир.
Регулятор пул-кредит ва макропруденциал сиёсатни амалга оширишда нархлар ва молиявий барқарорлик, банк тизимининг мустаҳкамлиги, молиявий воситачилик самарадорлиги ҳамда молиявий хизматлар фойдаланувчиларининг манфаатларини ҳисобга олиш унинг устувор йўналишлари бўлиб қолишини қайд этди.
Депозитлар бўйича фоизларга солиқ солиш юзасидан Марказий банкка аниқ бир ташаббус, таклиф ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси расман келиб тушган тақдирда, регулятор унинг макроиқтисодий ва молиявий оқибатларини, банк секторининг ресурс базаси ва барқарорлигига таъсирини, молиявий ресурслар қийматини, кредитлаш жараёнлари ҳамда омонатчилар манфаатларини ҳар томонлама ўрганиб чиқиш ниятида.
«Ҳозирги вақтда жисмоний шахсларнинг тижорат банкларидаги депозитлари бўйича фоизли даромадларини солиққа тортиш масаласи Марказий банк томонидан илгари сурилган расмий ташаббус ёки амалиётга жорий этилиши режалаштирилган чора сифатида қаралмаслигини маълум қиламиз», — дея таъкидлади регулятор.


