Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 21сентябр · Душанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда ўртача пенсия миқдори сўнгги 10 йилда қандай ўзгарди?

2025 йилда ўртача пенсия 1,6 млн сўм бўлган, бу – 2016 йилга нисбатан номинал 3,3 баробарга юқори. Бугунги кунда ҳар уч нафар янги пенционернинг икки нафари тўлиқ иш стажисиз пенсияга чиқмоқда.

Миллий статистика қўмитаси сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда ўртача ойлик пенсия миқдори қандай ўзгаргани ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2025 йилда ўртача пенсия 1,6 млн сўм бўлган, бу – 2016 йилга нисбатан номинал 3,3 баробарга юқори.

Марказий банк сайтидаги инфляция калкуляторига кўра, 2016 йил декабр ҳолатидаги (йилнинг ўртаси олинди) 494 минг сўм (ўша йилдаги ўртача пенсия) истеъмол савати қиймати бўйича 2025 йил декабрда 1 млн 360 минг сўмни ташкил этади. Бу миқдор – 2025 йилги ўртача ойлик пенсия миқдори (1 млн 649 минг сўм)дан 21 фоизга юқори.

Ўзбекистонда ўртача ойлик пенсия:

  • 2016 йил — 494,2 минг сўм
  • 2017 йил — 556,8 минг сўм
  • 2018 йил — 640,5 минг сўм
  • 2019 йил — 733,2 минг сўм
  • 2020 йил — 848,5 минг сўм
  • 2021 йил — 963,6 минг сўм
  • 2022 йил — 1 080,8 минг сўм
  • 2023 йил — 1 234,5 минг сўм
  • 2024 йил — 1 495,6 минг сўм
  • 2025 йил — 1 649,2 минг сўм

Пенсия жамғармасига кўра, 2010 йилда янги тайинланган пенсиялар орасида тўлиқ иш стажига эга бўлмаган фуқаролар улуши 6 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 61 фоизга етган.

Қонунчиликка кўра, тўлиқ пенсия тайинланиши учун эркакларга 25 йил, аёлларга эса 20 йил иш стажи талаб этилади. Белгиланган минимал стажга эга бўлмаган фуқароларга мавжуд иш стажига мутаносиб равишда тўлиқ бўлмаган иш стажи билан пенсия тайинланади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда ҳар уч нафар янги пенционернинг икки нафари тўлиқ иш стажисиз пенсияга чиқмоқда. Умумий пенционерлар таркибида ҳам бундай фуқаролар улуши 2010 йилдаги 3 фоиздан 2025 йилда 39 фоизга ошган.

Пенсия жамғармаси бунинг асосий сабаблари сифатида норасмий меҳнат, иш ҳақини «конверт»да олиш, ижтимоий солиқ тўламаслик, меҳнат фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатларнинг архивга топширилмаслиги ҳамда айрим даврларда фуқароларнинг расмий иш билан қамраб олинмаганини кўрсатган.

Шунингдек, пенционерларнинг 47 фоизи 820 минг сўмдан 1 миллион сўмгача миқдорда пенсия олмоқда. Пенсия миқдори расмий иш стажи, иш ҳақи ва тўланган ижтимоий солиқ миқдорига боғлиқ.