Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 24август · Душанба
USD 11 853,55 ▲ +6,39 EUR 13 869,84 ▲ +26,43 RUB 141,86 ▲ +0,42 GBP 16 189,58 ▲ +39,53
Маълумот: Марказий банк
Авто

Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобил йўлида ҳаракатланиш қанчага тушади?

Урганчдан Хивага олиб борувчи трасса бўйича йўл ҳақи тўлаш тизими ҳозирда синов режимида ишламоқда ва 25 августдан тўлиқ ишга тушади. Йўл ҳақи автомобилларни тўхтатмасдан электрон шаклда ундирилади. Транспорт оқими ва тўлов тизими сунъий интеллект асосидаги рақамли ечимлар орқали бошқарилади.

Урганч—Хива пулли йўлида енгил автомобиллар учун йўл ҳақи 25 минг сўмни ташкил этади. Енгил автомобил (М1) учун Хивадан Урганчгача ва орқага тўлиқ йўналиш бўйича йўл ҳақи 25 минг сўмни ташкил этади. Узунлиги 28 км бўлган қисқа йўналиш — “Туркманли” маҳалласидан Хивагача бўлган йўл мавжуд. Унинг нархи 20 минг сўм.

Оғирлиги 3,5 тоннагача бўлган енгил юк автомобиллари (Н1), 8 нафардан ортиқ йўловчига мўлжалланган автобуслар (М2/М3) ва оғирлиги 3,5−12 тонна бўлган ўрта юк автомобиллари (Н2) учун тўлиқ йўналиш нархи 40 минг сўм, қисқа йўналиш эса 25 минг сўм этиб белгиланган.

Йўл ҳақи автомобилларни тўхтатмасдан электрон шаклда ундирилади. Транспорт оқими ва тўлов тизими сунъий интеллект асосидаги рақамли ечимлар орқали бошқарилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобил йўли — Урганчдан Хивага олиб борувчи трасса бўйича йўл ҳақи тўлаш тизими ҳозирда синов режимида ишламоқда ва 25 августдан тўлиқ ишга тушади. Мобил илова Google Play ва App Store’да мавжуд бўлади.

Сайт орқали йўл ҳолати, тирбандликлар, тахминий ҳаракатланиш вақти ҳамда об-ҳаво шароитлари ҳақидаги маълумотларни кўриш мумкин бўлади. Сайтда электрон ҳамён мавжуд бўлиб, уни DEVHUB компанияси ишлаб чиққан ВИА учинчи томон хизмати орқали ёки банк картасини улаш орқали тўлдириш мумкин. Йўл ҳақини қўлда тўлаш ёки ҳар бир қатновдан сўнг маблағни балансдан автоматик ечиб олиш функциясини ёқиш мумкин.

Шунингдек, сайтга давлат рақами, тоифаси, ишлаб чиқарувчиси, русуми ва ранги кўрсатилган ҳолда транспорт воситасини қўшиш мумкин. Йўл белгиларига кўра, пулли трассада максимал тезлик 150 км соат (қайрилишларда эса 130 км соат), минимал тезлик эса 40 км соат этиб белгиланган.

Йўлда пиёдалар, мопедлар, от аравалар ҳамда тиркамали транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган. Шунингдек, қайрилиб олиш ва тўхташ ҳам тақиқланади.

Йўл қопламасининг юқори қатламларида иссиқ иқлимга чидамли махсус модификацияланган битум аралашмасидан фойдаланилган. Қопламанинг умумий қалинлиги 87 сантиметрни ташкил этади. 18 август куни президент ушбу пулли автомобил йўли билан танишиб, унда юриб кўрди.

5 август куни қабул қилинган янги таҳрирдаги “Автомобил йўллари тўғрисида”ги қонунга кўра, пулли автомобил йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов қатъий белгиланган бўлиши ёки босиб ўтилган ҳар бир километр учун ҳисобланиши ёхуд транспорт воситаларининг тоифаси, куннинг вақти, ҳафтанинг куни ёки йилнинг ойига қараб табақалаштирилиши мумкин.