Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 24август · Душанба
USD 11 853,55 ▲ +6,39 EUR 13 869,84 ▲ +26,43 RUB 141,86 ▲ +0,42 GBP 16 189,58 ▲ +39,53
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги белгиланди

Энди хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш деб баҳоланади. Бу борадаги қонун 17-август куни имзоланди ва у билан Ўзбекистон Республикасининг учта қонунига айнан бир хил қўшимча киритилди.

Ўзбекистонда хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш бўйича ташаббус билан чиқиш тақиқланмоқда.

Президент томонидан 17-август куни имзоланган қонунга биноан, бир нечта қонунларга қуйидагича қўшимча киритилди:

“Хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш ҳамда баҳолашга оид ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш деб баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди”.

Мазкур қоида “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга ҳам киритилди.

Қонун расмий эълон қилинганидан уч ой ўтгач – 2026-йил 18-июлдан кучга киради.

Маълумот учун, юқоридагига ўхшаш норма 2017-йил 17-январдаги 4633-сонли президент фармонида ҳам белгиланган эди. Ушбу фармонга кўра, давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар томонидан хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектлар қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалаларини ўртага қўйиш тақиқланган.