Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш кўлами сўнгги йилларда кескин ошди. 2020—2025 йилларда хусусийлаштиришдан тушган маблағлар 77,6 трлн сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, 2020 йилгача бўлган 10 йил давомида хусусийлаштиришдан атиги 1,1 трлн сўм маблағ тушган. Шу тариқа кейинги олти йилдаги кўрсаткич аввалги ўн йилликдаги натижадан қарийб 55 баравар юқори бўлган.
Хусусийлаштириш жараёнида йирик давлат активларига ҳам хусусий ва хорижий капитал жалб қилинди. Жумладан, Coca-Cola Uzbekistan 252 млн доллар, Ипотека банк 324 млн доллар, Самарқанд автомобил заводидаги давлат улушининг 75,2 фоизи эса 80 млн долларга сотилган.
Шунингдек, 2021—2025 йилларда “сот ёки тушунтир” тамойили асосида давлат иштирокидаги корхоналар сони 61 фоизга қисқартирилган.
Ер бозорида ҳам фаоллик ошган. 2022—2025 йилларда мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида аукционларга чиқарилган ҳамда сотилган ер участкалари ҳажми қарийб 4 бараварга ошган. 2026 йилнинг биринчи ярмида 1,8 минг гектар ер участкаси реализация қилинган.
Давлат активларини сотишда рақамли механизмлардан фойдаланиш ҳам кенгаймоқда. “E-auksion” орқали бугунгача қарийб 1,5 млн объект савдога чиқарилиб, шундан 1,2 млн дан ортиғи реализация қилинган.
Маълум қилинишича, 2030 йилгача нодавлат секторнинг иқтисодиётдаги улушини 85 фоизга етказиш ва давлат иштирокидаги корхоналар сонини қарийб 6 бараварга қисқартириш режалаштирилган.
21 июль куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги мажлисда давлат активларини сотиб олишни тадбиркорлар учун енгиллаштириш чоралари маълум қилинганди. Унга кўра, давлат активлари учун аванс тўловини 30 фоиздан 15 фоизгача камайтириш, қолган суммани эса фоизсиз бўлиб тўлаш имконини бериш режалаштирилган.
Аукционда 22 трлн сўмлик 3 мингта давлат объекти тургани, янги хусусийлаштириш дастури доирасида 100 трлн сўмлик кўчмас мулк, ер майдонлари ва корхоналардаги давлат улушларини савдога чиқариш кўзда тутилгани маълум қилинган.


