Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан ВИ очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда. Тадбирда 500 нафарга яқин тадбиркор бевосита, илк бор туманлардаги студиялардан яна 25 мингга яқин бизнес вакиллари иштирок этмоқда.
Мулоқот давомида президент тадбиркорлар кўтарган масалалар асосида янги ташаббусларни эълон қилди. Биринчи йўналиш – тадбиркорлик учун барқарор ўсиш траекториясини таъминлаш.
Банклар кредит портфелида кичик бизнес улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошди. Биринчи ярим йилликнинг ўзида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 триллион сўм ресурс ажратилди.
Яқинда “кредит хизматлари ягона рақамли портали” ишга тушди. Тадбиркор битта ариза беради, банклар эса мижоз учун рақобат қилади, бизнесни энди бошлаётганлар 5 миллиард сўмгача кредитни онлайн расмийлаштириши мумкин бўлади.
Энди бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади. Янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”, ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун “Бизнес лифт”, янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун “Бизнес юксалиш” дастурлари жорий этилади.
“Бизнес старт” доирасида тадбиркорлар сунъий интеллект ёрдамида лойиҳа, кредит ҳужжатлари ва ҳисобот юритишни ўрганади. Бу мақсадга 100 миллиард сўм ажратилиб, тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.
– Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз, – деди давлат раҳбари.


