Солиқ қўмитаси аввал қайтарилган ҚҚСнинг бир қисмини бизнесдан талаб қилиб, ундира бошлади. Бу ҳақда Spot пойтахтдаги умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлардан бирига таяниб, маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қайта ҳисоб-китобдан сўнг, аввал давлат тизими автоматик равишда ҳисоблаб, компанияларга ўтказиб берган суммалар ортиқча қайтарилган деб топилиб, солиқ қарзи сифатида ундирила бошлаган.
Суҳбатдошнинг таъкидлашича, муаммо умумий овқатланиш ва туризм соҳасидаги бир қатор йирик компанияларга таъсир кўрсатиб, тизимли тус олган. Шу билан бирга, ҚҚСни қайтариш дастлаб Солиқ қўмитаси тизимининг ўзи томонидан автоматик равишда ҳисобланган — бунда бизнес иштирок этмаган.
Гап ҳукуматнинг 2024-йил 7-ноябрдаги қарори билан жорий этилган, тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш механизми ҳақида кетмоқда. Умумий овқатланиш корхоналари учун қайтариладиган сумма нақд пулсиз тўловларнинг улушига боғлиқ эди: агар ушбу улуш 60 фоиз ва ундан ортиқни ташкил этса, тўланган ҚҚСнинг 40 фоизи, камроқ бўлса — 20 фоизи қайтарилган.
Қайтаришни расмийлаштириш жараёнида тизим суммани автоматик ҳисоблаб, тадбиркорга ўтказиб берган. Таъкидланишича, ўша пайтда ариза шаклида корхонанинг барқарорлик рейтингини кўрсатиш учун алоҳида майдон бўлмаган.
Шу билан бирга, президентнинг 2024-йил 24-майдаги қарорида субсидиялар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари бизнесга барқарорлик рейтингини ҳисобга олган ҳолда тақдим этилиши белгиланган. ААА рейтингига эга корхоналар учун қўллаб-қувватлаш чораси миқдори амалдаги ҳажмнинг 100 фоизини, АА учун — 90 фоиз, А учун — 80 фоиз, БББ учун — 70 фоиз, ББ учун — 60 фоиз, Б учун эса 50 фоизни ташкил этади.
Кейинчалик солиқ органлари бизнеснинг барқарорлик рейтингини инобатга олиб, аввалроқ амалга оширилган тўловларни қайта ҳисоблай бошлади. Тадбиркорларга олинган маблағларнинг бир қисмини қайтариш зарурлиги тўғрисида хабарномалар юборила бошланди.
Нашр суҳбатдошининг қайд этишича, бунда тадбиркорлар қайта ҳисоблашда айнан қайси рейтинг қўлланганини мустақил равишда текшира олмаган. Барқарорлик рейтинги динамик кўрсаткич бўлиб, ҳар куни ўзгариб туради, шахсий кабинетда эса фақат жорий тоифа акс этади, рейтингнинг ўтган даврлардаги қийматлари эса мавжуд эмас.
Шундай қилиб, бизнес шундай вазиятга тушиб қолдики, дастлаб қайтариладиган суммани давлат ахборот тизимининг ўзи белгилади, сўнгра солиқ органлари аллақачон амалга оширилган тўловларни қайта кўриб чиқиб, маблағларнинг бир қисмини қайтаришни талаб қилди.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, айрим ҳолларда солиқ органлари расман билдирилган эътирозлар ва низони кўриб чиқиш якунланмаганига қарамай, баҳсли суммаларни компанияларнинг ҳисобварақларидан мажбуран ечиб олишгача борган. Ваҳоланки, тадбиркорлар автоматлаштирилган тизим хатоси оқибатларини ўз зиммаларига олишни асоссиз деб ҳисобламоқда, чунки улар қайтариладиган сумма миқдорини белгиламаган ва ёлғон маълумотлар тақдим этмаган.
Ўтган ҳафта иқтисодчи Юлий Юсупов ушбу вазиятга эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, ҳукуматнинг ҚҚСнинг бир қисмини қайтаришни тартибга солувчи қарорида дастлаб барқарорлик рейтингини ҳисобга олиш талаби кўрсатилмаган эди. Унинг баҳолашича, кейинчалик солиқ органлари қайтаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораси сифатида кўра бошлаган ва унга барқарорлик рейтингини ҳисобга олувчи имтиёзлар ҳамда қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисидаги нормаларни қўллаган.
Юсупов, шунингдек, қайтариладиган суммани тадбиркор эмас, балки Солиқ қўмитасининг ўзи ҳисоблаганига эътибор қаратди.
“Кешбек миқдорини компания эмас, Солиқ қўмитасининг ўзи ҳисоблаган. Унда компанияга эътироз нимадан иборат?” — деб ёзди иқтисодчи.
Солиқ қўмитаси аввалроқ Самарқанд вилоятида ҚҚСни қайтариш билан боғлиқ шунга ўхшаш вазиятга изоҳ берган эди. Идора амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҚҚС кешбеки атамаси қўлланилмаслигини маълум қилди.
Идора талқинига кўра, тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш қўллаб-қувватлаш чораси ҳисобланади, давлат имтиёзлари ва қўллаб-қувватлаш чоралари эса тадбиркорлик субектининг барқарорлик рейтингини ҳисобга олган ҳолда тақдим этилади.
Идора, шунингдек, вақтинчалик низомнинг 16-бандига ҳавола келтирди, унга мувофиқ, қонунчилик талаблари бузилган ҳолда ёки ортиқча миқдорда қайтарилган маблағлар бюджетга қайтарилиши лозим. Шу муносабат билан, Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, қайта ҳисоб-китоблар ўтказилган ва ортиқча маблағ қайтарилгани аниқланган тадбиркорларга тегишли хабарномалар юборилган.


