Ижтимоий тармоқларда Янгиҳаёт туманида қарзи бўлмаган 3,6 мингта хонадонга қарздорлик ҳисоблангани ҳақида хабарлар тарқалди. Солиқ қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, кўчмас мулк обектларига мол-мулк ва ер солиқлари кадастр идоралари маълумотлари асосида ҳисобланади.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2023-йил 3-мартдаги қарори билан зона чегаралари қайта тасдиқланган.
Шундан сўнг кадастр идоралари Юксалиш кўчаси ҳудудини 5-зонадан 4-зонага ўтказиб, тегишли маълумотларни солиқ органларига тақдим этган.
Шу асосда кўчмас мулк обектлари учун ер солиғи Солиқ кодексининг 88-моддасига мувофиқ 2023-йилдан бошлаб 4-зона учун белгиланган ставкалар бўйича қайта ҳисобланган.
Қўмита маълумотига кўра, Янгиҳаёт тумани Хушнуд маҳалласидаги жами 144 та кўчмас мулк обекти учун солиқлар қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Бундан ташқари, 937-сонли қонун ижроси доирасида ўтказилаётган хатлов натижалари бўйича солиқ органларига ҳар ой ўртача 50 мингга яқин обектга оид маълумот келиб тушмоқда. Қўмита бундай ҳолатларда солиқларни қайта ҳисоблаш табиий жараён эканини қайд этди.
Солиқ қўмитасининг таъкидлашича, мазкур ҳисоб-китоблар амалдаги солиқ қонунчилиги талаблари асосида амалга оширилган.
Солиқлар ҳар бир туманнинг маҳаллий бюджетига йўналтирилиб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ва ҳудудларни ободонлаштиришга сарфланади.


