Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 27август · Пайшанба
USD 11 823,69 ▲ +45,17 EUR 13 797,06 ▲ +63,31 RUB 139,74 ▲ +0,78 GBP 16 114,51 ▲ +56,85
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Банкларда раҳбарлар учун кадрлар захираси режаси жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда тижорат банклари кенгаш, бошқарув ва муҳим аҳамиятга эга ходимлар лавозимлари учун олдиндан кадрлар захирасини шакллантириши мумкин. Бундай режа камида йилига бир марта қайта кўриб чиқилиши таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда тижорат банкларида корпоратив бошқарув талабларини кучайтириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган тегишли ҳужжат лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, ҳар бир банк раҳбарлик лавозимлари учун кадрлар захирасини шакллантириш ва ривожлантириш режасини ишлаб чиқиши керак бўлади. Режа кенгаш, бошқарув аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимлар лавозимларини қамраб олади.

Унда ҳар бир лавозим учун зарур билим, тажриба, компетенция ва малака талаблари, номзодларни аниқлаш ва баҳолаш мезонлари белгиланиши керак. Амалдаги раҳбарлар ва потенциал номзодларнинг салоҳияти ҳам камида йилига бир марта баҳолаб борилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, раҳбар ходим кутилмаганда лавозимини тарк этса ёки ўз вазифаларини бажара олмай қолса, вакант лавозимни имкон қадар қисқа муддатда тўлдириш бўйича алоҳида тартиб ишлаб чиқилиши керак бўлади.

Кадрлар захираси режасини ишлаб чиқиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш учун банк кенгаши жавобгар бўлади. Режа банк стратегияси, ташкилий тузилмаси ёки раҳбарлар таркибида сезиларли ўзгариш юз берганда ҳам янгиланади.

Лойиҳада банк кенгашлари ва уларнинг қўмиталари мустақиллигига доир талаблар ҳам кучайтирилмоқда. Хусусан, аудит қўмитаси раиси кенгашнинг мустақил аъзоси бўлиши таклиф этилган.

Тизимли аҳамиятга молик банкларда эса таваккалчиликларни бошқариш қўмитасини ташкил этиш мажбурий бўлиши мумкин. Унинг раиси кенгашнинг мустақил аъзоси бўлиши ва бир вақтнинг ўзида кенгаш раиси лавозимини эгалламаслиги керак.

Бундан ташқари, кенгаш таркибида банк фаолияти устидан холис назоратни таъминлаш учун етарли миқдорда мустақил аъзолар бўлиши, қўмиталар аъзолари ва раисларини даврий равишда ротация қилиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилмоқда.

Банкларнинг очиқлик талаблари ҳам кенгайтирилиши мумкин. Жумладан, кенгаш аъзоларини танлаш ва баҳолаш тартиби, раҳбарларни мукофотлаш сиёсати, банк фаолиятига таъсир қилиши мумкин бўлган сезиларли таваккалчиликлар ҳамда кенгаш ва бошқарув фаолияти натижалари тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳужжат ҳозирча лойиҳа ҳисобланади. Қабул қилинган тақдирда у расмий эълон қилинган кундан бир ой ўтиб кучга киради.